Наманганда Қуръони Карим ноёб қўлёзмасини ўғирлаган жиноятчилар жавобгарликка тортилди

Наманганда Қуръони Карим ноёб қўлёзмасини ўғирлаган жиноятчилар жавобгарликка тортилди

Мазкур нодир “Қуръони карим” китобининг мамлакатимиз ички бозоридаги баҳоси 92.000.000 сўм деб белгиланган.

2022 йил 10 август куни Э.Абдусатторов Наманган шаҳрида истиқомат қилган эски таниши ва жиноий шериги Руфатилло Шоисаев билан бирга ўғирлик қилди.

Таъкидланишича, Икковлон юзларига ниқоб, қўлларига ишчи қўлқоп кийиб, тунги соат 01:00ларда туманнинг “Балиқкўл” маҳалласида жойлашган “Султон Увайс Қароний” зиёратгоҳи музейига келишади.

Аввалига чор-атрофни кузатиб, ҳеч кимса йўқлигига ишонч ҳосил қилишади. Шунга қарамай, содир этилажак жиноятларини яшириш мақсадида зиёратгоҳ чироқларини асосий тармоқдан узган ҳолда ўчиришади.

Сўнгра музейда сақланаётган, 1874 йилда ҳаттотлар томонидан кўчирилган нодир қўлёзмали “Қуръони Карим” китобини ўғирлаб чиқишади. Ташқарига чиққач, Э.Абдусатторов муқаддас китобни ўзининг “Кобалт” автомашинаси юкхонасига жойлайди. Кейин Наманган шаҳрига келиб, каломуллоҳни Р.Шоисаевнинг синглиси Нафосат Шоисаеваникига яшириб қўйишади. Аммо хонадон соҳибасига китобнинг ўғирланганини айтишмайди.

Бузоқнинг югургани сомонхонагача, дейди доно халқимиз. Шу маънода айтганда, ўғрилар тез орада қўлга олинади. Негаки зиёратгоҳ ҳудуди ва атрофига ўрнатилган видеокузатув мосламалари жиноятни қисқа фурсатда фош этилишини таъминлайди. Натижада китоб “Султон Увайс Қароний” зиёратгоҳига қайтарилади. “Қаҳрамон”ларимизга нисбатан эса жиноят иши қўзғатилади.

Ўзбекистон Республикаси туризм ва маданий меърос агентлигининг 2022 йил 22 декабрдаги санъатшунослик экспертизаси хулосасида, нодир “Қуръони карим” китобининг мамлакатимиз ички бозоридаги баҳоси 92.000.000 сўм деб белгиланган.

Яқинда мазкур ҳолат жиноят ишлари бўйича Чортоқ туман судида кўриб чиқилди. Суд Э.Абдусатторов ва Р.Шоисаевни Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “в” банди билан айбдор деб топиб, уларни озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!