Наманганда коронавирусдан вафот этган онахоннинг қизи Умрага «бошқа йўллар» билан борган. Зиёратдан қайтгач, уйида 231 киши билан кўришган

Наманганда коронавирусдан вафот этган онахоннинг қизи Умрага «бошқа йўллар» билан борган. Зиёратдан қайтгач, уйида 231 киши билан кўришган

Наманганда коронавирусдан вафот этган 72 ёшли онахонга касаллик унинг Умрадан бўлиб қайтган қизидан юққан. Зиёратдан қайтгач, уни кўргани камида 231 киши келган. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров 27 март куни вилоят аҳолисига қилган телемурожаатида айтиб ўтди.

«24 февралда ҳукуматимиз томонидан Умрага бориш вақтинча тўхтатилган эди. Аммо бу опахонимиз ҳою-ҳавас қилиб, бошқа йўллар билан, Туркия орқали Умрага борган. Аниқлашимизча, зиёратдан келган аёлни кўргани 231 га яқин қўни-қўшни, қариндошлар келган, у билан мулоқотда бўлган», — деди вилоят ҳокими.

Ҳозиргача коронавирус Умра сафарида бўлиб қайтган аёлнинг вафот этган онасидан ташқари синглиси, қизи ва неварасида аниқланган. Ҳокимнинг таъкидлашича, касаллик ташувчиси билан мулоқотда бўлган қолган фуқароларнинг бари текширувдан ўтказилмоқда.

«Худодан сўраймизки, уларга бу касаллик юқмаган бўлсин», — дея қўшимча қилди Хайрулло Бозоров.

Қайд этишларича, 2020 йилнинг 1 мартидан 27 мартига қадар Наманган вилоятига Туркиядан 900 нафар, Саудия Арабистонидан 497 нафар, БААдан 219 нафар, Жанубий Кореядан 192 нафар фуқаро келган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 29 мартга қадар коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 104 та ҳолат аниқланди, икки бемор вафот этди. Беморларнинг олти нафари Наманган вилоятида қайд этилган бўлиб, уларнинг тўрт нафари вафот этган аёлнинг қариндошларидир.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!