Наҳотки! 43 йилдан бери электр токисиз фаолият юритган мактаб аниқланди

Наҳотки! 43 йилдан бери электр токисиз фаолият юритган мактаб аниқланди

Деҳқонобод тумани ҳокими Зоир Алиқулов 18 ноябрь куни халқ билан мулоқот давомида 43 йилдан бери электр токисиз фаолият юритиб келаётган мактабни аниқлаган. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати «Дарё»га маълум қилди.

Туман ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, Зоир Алиқулов 18 ноябрь куни туманнинг Яшнобод маҳалласида бўлиб, халқ муаммоларини тинглаган ҳамда ҳудудга ташрифи чоғида маҳалладаги мактаб филиалида ҳам бўлган.

«Ҳоким филиал синфхоналарида бўлиб ўқувчилар учун яратилган шарт-шароит билан танишди. Иситиш тизимини кўздан кечирди. Синфхоналардаги ҳарорат билан қизиқди ва кутилмаган ҳолатга дуч келди», — дейилади ахборот хизмати хабарида.

Маълум бўлишича, 40-мактабнинг 62 нафар ўқувчиси таҳсил олувчи мазкур филиалда электр энергияси йўқ. Мактаб 43 йилдан бери шу аҳволда фаолият юритган.

Зоир Алиқулов мазкур ҳолат аниқлангач, туман электр корхонаси раҳбарини чақириб, ҳолатга изоҳ сўраган ва туман электр корхона раҳбари фаолиятини қониқарсиз деб баҳолаган.

Маълум бўлишича, мактабда электр токи мавжуд эмаслиги билан ҳеч ким қизиқмаган ва мутасаддиларга хабар берилмаган.

Қайд этилишича, мактаб филиали 1976 йил ҳашар йўли билан қурилган. Ушбу бино 2007 йилда бузилиб, ўрнига янги ўқув биноси қурилган. 2017 йил эса 40 ўринга мўлжаллаб, яна битта янги бино қурилган. Аммо ҳар иккала бинога ҳам электр таъминоти ўтказилмаган ва мактаб шу тарзда фаолият юритган. Қурувчи ташкилот раҳбарига электр энергияси таъминотини ўтказиш лозимлиги айтилганда, у электр таъминоти лойиҳада кўзда тутилмаганини билдирган.

Маълум қилинишича, 2017 йил 650 миллион сўм маблағ эвазига 40-мактабнинг 140 ўринли асосий биноси ва 40 ўринли филиали қуриб битказилган.

Вазиятдан хабар топган Зоир Алиқулов туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари Холмурод Худойбердиевга шу куннинг ўзида вилоят ҳудудий электр тармоқлари корхонасига мурожаат қилиши лозимлигини, мактаб учун трансформатор олиб келиб, электр симлари тортиб бериши тўғрисида топшириқ берган.

Туман ҳокими ҳудудга ташрифида маҳалла аҳлини қийнаб келаётган кўприк муаммосига ҳам эътибор қаратган.

Хабар берилишича, бундан 4—5 йил илгари катта сел келиши оқибатида қишлоқ кўприги бузилиб кетган. Шу сабабли, аҳоли йўлдан ўтишда қийналган. Қишлоқ яқинидан ўтувчи катта сойдан баҳор ва куз ойларида жуда катта селган вақтда, аҳоли кўприкдан ўта олмайди. Қишлоққа ичимлик сув келтириш учун эса ана шу сойдан ўтиш керак.

Аҳоли шикоятига кўра, мазкур сойнинг нариги томонида 300 нафарга яқин киши истиқомат қилади. Мактаб ўқувчилари ҳам шу сойдан ўтиб мактабга қатнайди.

Ушбу муаммоларни тинглаган Зоир Алиқулов қишлоқ аҳли учун кўприк қурилиши зарурлигини таъкидлаб, мутахассисларга қисқа фурсат ичида кўприк қуриш харажатларини ҳисоблаб, бор имкониятни ишга солиб, ишни бошлаш ҳақида топшириқ берган.

Туман ҳокимлиги ахборот хизматининг ёзишича, кўприк қурилиши ва филиалга электр токи ўтказилиши хусусида тез орада хабар берилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!