Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кимни тошбўрон қилишга буюрдилар?

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кимни тошбўрон қилишга буюрдилар?

Ибн Исҳоқ ривоят қиладиларки, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Байтул-мидросда бир гуруҳ яҳудийларни Аллоҳнинг динига чақирганларида, улардан Нўъмон ибн Амр ва Ҳарс ибн Зайд деганлари:

– Эй Муҳаммад, сен қайси диндасан? – дедилар. У зот алайҳиссалом:

– Иброҳимнинг миллати ва динидаман, – дедилар. Улар:

– Иброҳим яҳудий бўлган, – дейишди. Шунда Набий алайҳиссалом:

– Ундай бўлса, келинглар, шу масалани Тавротдан кўрайлик, – деган эдилар, улар бош тортдилар.

Бошқа бир ривоятда келишича, яҳудийлардан бир киши бир аёл билан зино қилиб, қўлга тушади. У вақтда Исломда ҳали зинокорни тошбўрон қилиш ҳукми тушмаган эди. Ҳалиги яҳудий эркак ва аёл зинокорлар обрўли кишилардан эди. Шунга эътиборан, енгиллик бўлиб қолса ажаб эмас, деб Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг олдиларига зинокорларни олиб келиб, ҳукм чиқаришни сўрашди. Набий алайҳиссалом:

– Ўз китобларингиз билан ҳукм чиқараман, – дедилар-да, икковини тошбўрон қилишга буюрдилар. Яҳудийлар:

– Бундай ҳукм йўқ, – деб инкор этишди. Шунда Таврот олиб келинди. Яҳудийларнинг диний олими Ибн Сурийё тошбўрон қилиш ҳақидаги амр ёзилган жойга қўлини қўйиб, беркитди. Шунда яҳудийлардан бўлган, иймонга келган улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу бу ҳолдан Набий алайҳиссаломни огоҳ этди. Набий алайҳиссалом Ибн Сурийёга:

– Қўлингни кўтар! – дедилар. Кўтарган эди, тошбўрон қилиш ҳукми кўринди. Расулуллоҳ алайҳиссалом иккала зинокорни тошбўрон қилишга буюрдилар. Яҳудийлар норози бўлдилар.

Кейинги оят уларнинг нима сабабдан бундай тортишганларини баён қилади:

ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ

Бу уларнинг «Ўт-олов бизга фақат саноқли кунлардагина тегади», деганлари учундир. Тўқиган нарсалари уларни динларида алдаб қўйди. (Оли Имрон сураси, 24-оят).

Демак, мазкур аҳли китоблар Аллоҳнинг китоби асосида ҳукм юритишдан қўрқмасдан, юз ўгиришлари қиёмат куни аниқ ҳисоб-китоб бўлишига, амаллар зарра миқдорида бўлса ҳам ўлчаниб, ҳаммага қилганига яраша адолат билан жазо берилишига ишонмасликлари сабабли экан. Уларнинг

«Ўт-олов бизга фақат саноқли кунлардагина тегади» деган сўзлари шуни кўрсатади.

Демак, улар саноқли кунларгина дўзахда туриб, кейин ундан озод бўламиз, деб эътиқод қиладилар. Шундай бўлганидан кейин уларнинг фикрича, ўзини қийнаб, Аллоҳнинг китоби бўйича ҳукм юритишдан фойда йўқ.

Хўш, бу эътиқодни улар қаердан олишган? Аллоҳдан хабар келганми? Пайғамбарларидан рухсат бўлдими? Ёки бирор ишончли манбадан тасдиқ борми? Йўқ! Бу бузуқ эътиқодни улар ўзлари тўқиб олганлар.

«Тўқиган нарсалари уларни динларида алдаб қўйди».

Акс ҳолда Аллоҳга, охиратга иймони бор одам Аллоҳнинг китоби асосида ҳукм юритишдан бош тортармиди?!

Аллоҳга ва охиратга иймони бор одам қиёматдаги ҳолатлар ҳақида бузуқ эътиқод қилармиди?!

ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼ ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂ ﮃ ﮄ ﮅ ﮆ

У ҳақда ҳеч шубҳа йўқ ҳамда ҳар бир жон касб қилган нарсасини тўлиқ олиб, уларга зулм қилинмайдиган Кунда (ҳоллари) қандай бўларкин? (Оли Имрон сураси, 25-оят).

Ушбу ояти каримада зикр қилинаётган

«У ҳақда шубҳа йўқ... Кун» қиёмат кунидир. Бу Кунни ҳеч ким инкор қила олмайди. Ҳатто мазкур аҳли китоблар ҳам қиёмат бўлишига ишонадилар. Шунинг учун ҳам улар: «Бизга ўт фақатгина саноқли кунлардагина тегадир», – дейишмоқда.

Қиёмат кунининг келишига шубҳа бўлмаганидек, ўша куни ҳар бир жон адолат билан, зулм қилинмасдан, қилганига яраша жазосини олишига ҳам шубҳа йўқ.

Ўшанда бу дунёда Аллоҳнинг оятларига куфр келтириб, Аллоҳнинг китоби ҳукми асосида яшашдан бош тортганларнинг ҳоли қандай кечади? Жавоб ҳаммага маълум.

Манба: islom.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!