Мьянма ҳарбий маъмурияти 19 та давлатдаги юзта дипломатини чақириб олди

Мьянма ҳарбий маъмурияти 19 та давлатдаги юзта дипломатини чақириб олди

Мьянманинг ҳарбий маъмурияти мамлакатнинг БМТдаги вакили Чжо Мо Тун ташкилотнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳи минбаридан сўзлаган баҳсли нутқидан сўнг дунёнинг 19 та давлатидаги 100 нафар дипломатини чақириб олди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.

Чжо Мо Тун БМТ минбарида дунё ҳукуматларини ҳокимиятни куч билан эгаллаб олган Мьянманинг ҳарбий ҳукуматига қарши чиқишга чақирган.

Маҳаллий нашрнинг маълум қилишича, дипломатларни чақириб олиш ҳақидаги қарор Мьянма Ташқи ишлар вазирлиги томонидан чиқарилган.

Ҳужжатга мувофиқ, Мьянма АҚШ, Буюк Британия, Австрия, Италия, Бразилия, Франция, Норвегия, Бельгия, Сербия, Хитой, Япония, Ҳиндистон, Сингапур, Таиланд, Индонезия, Камбоджа, Жанубий Корея, Филиппин ва Гонконгдаги элчи маслаҳатчилари ва элчихона котибларини чақириб олди.

Шу билан бирга, ҳозирда Мьянма Ташқи ишлар вазирлигининг Найпидавда ишлаётган элликка яқин дипломатлари чақириб олинган ҳамкасблари ўрнини босиш учун юқорида қайд этилган мамлакатларга юборилади.

Маълум қилинишича, Мьянманинг БМТдаги элчиси Чжо Мо Тун аллақачон ҳарбий маъмурият томонидан ўз лавозимидан озод қилинган ва давлатга хиёнат қилганликда айбланган. Дипломатларнинг чақирилиши, Чжо Мо Туннинг БМТдаги нутқидан сўнг чет элда ишлаётган кўплаб Мьянма дипломатлари мамлакатда бир ойдан бери бўлиб ўтаётган норозилик намойишлари кампаниясига қўшилишга мойил бўлиб, янги ҳукумат учун ишлашни хоҳламаганлиги билан боғлиқ.

Мьянмада ҳарбийлар 1 февралда ҳокимият тепасига келиб, мамлакат раҳбарларини ҳибсга олишди. Қуролли Кучлар бош қўмондони Мин Аунг Хлайн мамлакатнинг муваққат президенти этиб тайинланди ва мамлакатда бир йил муддатга фавқулодда ҳолат жорий этилди.

Ҳарбийлар 2020 йил 8 ноябрдаги сайлов натижаларини оммавий равишда сохталаштирилган деб иддао қилмоқда. Давлат тўнтаришига сабаб қилиб ўтган йилги сайловлардаги сохталиклар ва сайлов комиссиясининг ҳаракатсизлиги кўрсатилди. 2020 йил ноябрда бўлиб ўтган сайловларда «Демократия учун миллий лига» партияси ҳукумат тузиш учун етарлича овоз тўплаган, ҳарбийлар томонидан қўллаб-қувватланган партия эса мағлуб бўлган.

Ҳокимиятга келган ҳарбийлар фавқулодда ҳолат муддати тугагандан сўнг янги сайловлар ўтказишга ҳамда ҳокимиятни сайловларда ғолиб бўлганларга топширишга ваъда берди.

Мамлакатнинг йирик шаҳарларидаги тўнтаришлардан сўнг норозилик намойишлари бошланди. Норозилик намойишлари туфайли интернет деярли тўлиқ узиб қўйилди. Facebook, Instagram, WhatsApp, Wikipedia блокланди.

Мамлакат миқёсидаги иш ташлаш мамлакатдаги 70 фоиздан ортиқ давлат муассасалари ва корхоналарининг ишини фалаж қилди. Намойишчилар ҳокимиятни фуқаролик ҳукуматига қайтаришини, ҳибсга олинган ДМЛ раҳбарлари ва функционерларини озод қилишни ҳамда 2020 йил 8 ноябрда бўлиб ўтган сайловларда сайланган парламентнинг биринчи сессиясини зудлик билан чақиришни талаб қилмоқда.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳарбийлар ҳаракатларини «Мьянмада амалга оширилган демократик ислоҳотларга жиддий зарар етказиш» дея қоралади. Шунингдек, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Мьянма давлат раҳбарларининг ҳибсга олинишидан хавотир билдирди ва ҳарбийларни ҳибсга олинган сиёсатчиларни озод қилишга чақирди.

Таъкидланишича, 28 февраль куни Мьянмадаги намойишларда 17 киши ҳалок бўлган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!