Музработ тумани ҳокимлиги бўлим бошлиғи 35 ёшида коронавирусдан вафот этган

Музработ тумани ҳокимлиги бўлим бошлиғи 35 ёшида коронавирусдан вафот этган

Сурхондарё вилоятининг Музработ тумани ҳокимлигининг иқтисодиёт бўлими бошлиғи лавозимида иш юритган 35 ёшли Санжар Саломов коронавирус асоратларидан вафот этган. Ушбу хабарни туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Жаҳонгир Абдурасулов «Дарё»га тасдиқлади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санжар Саломовнинг вафоти ҳақида аввалроқ ахборот берганди.

ССВ ўшанда Сурхондарё вилояти Музработ туманида яшовчи 35 ёшли С.С. 2020 йил 28 июнь куни томоғида оғриқ сезгани, нафас йўллари яллиғлангани, аммо ҳеч кимга мурожаат қилмай, уйида ўзича даволанганини ёзганди.

2 июль куни соғлиғи ёмонлашавергач, туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган. Унда COVID-19 тасдиқлангач вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. Унга COVID-19 оғир кечиши ташхиси қўйилган. Касаллик икки томонлама пневмония оғир кечиши, ўткир нафас, юрак-қон томир етишмовчилиги асорати билан кечган. Шунингдек, бемор қандли диабет, семизлик ва сурункали пиелонефрит каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.

Шифохонада беморнинг даволаниши давомида Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари томонидан онлайн консултация қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган.

«Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамай беморнинг аҳволи кескин оғирлашган ва у ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этган», — дейилганди ССВнинг 9 июлда берилган хабарида.

Маълум бўлишича, ҳокимлик ходими Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот берган кун (9 июль)дан бир неча кун олдин ҳаётдан кўз юмган.

Санжар Саломов коронавирусдан вафот этган Сурхондарёдаги учинчи, Ўзбекистондаги 51-бемор бўлганди.

18 июль соат 17:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 16 068 кишида коронавирус аниқланган. Ушбу беморларнинг 9003 нафари соғайган.

Ўзбекистонда айни вақтгача Соғлиқни сақлаш вазирлиги 81 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этганини хабар қилган. «Дарё» ҳисоби бўйича яна 2 киши (ДХА ва Маданият вазирлиги ходимлари) касаллик қурбони бўлган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!