Мутахассис: Нотўғри танланган пойабзаллар қатор касалликларни келтириб чиқариши мумкин

Мутахассис: Нотўғри танланган пойабзаллар қатор касалликларни келтириб чиқариши мумкин

Пойабзал — шунчаки зийнат эмас! У — аввало кундалик эҳтиёжимиз учун зарур восита. Оёқларимизни ташқи хавф-хатарлардан ҳимояловчи қалқон.

Бироқ пойабзал харид қилишда кўпчилик ана шу жиҳатларга етарлича эътибор қаратмайди. Оқибатда жимжимадор ва жозибадор оёқ кийим ишқибозлари орасида травматологик ва ортопедик касалликлар авж олиши кузатиляпти.

Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Мурод Ирисметов билан шу мавзуда суҳбатлашдик.

— Пойабзал танлаш — нозик ва ўта масъулиятли жараён, — дейди мутахассис. — Чунки оёқлар танамизнинг энг муҳим аъзоларидан. Уларнинг ҳаддан зиёд зўриқиши, жароҳатланиши, лат ейиши ва деформацияси турли оғир асоратларни келтириб чиқариши мумкин.

Янада аниқроқ айтсак, инсон оёқлари мураккаб анатомик тузилишга эга. Унинг бир панжаси 26 та суяк ва кўплаб бўғимлардан таркиб топган. Нотўғри танланган пойабзал ана шу суяк ва бўғимлар фаолиятига салбий таъсир кўрсатиб, бора-бора уларнинг деформацияланишига олиб келади.

Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда Ер юзида яшовчи катта ёшли аҳолининг 80 фоизгача қисми оёқлар саломатлиги билан боғлиқ турли муаммолардан азият чекиб келади. Бу юқорида саналган омил билан ҳам чамбарчас боғлиқ.

М. Ирисметовнинг таъкидлашича, пошнасиз, яъни текис тагликли оёқ кийимлардан узоқ вақт фойдаланиш ярамайди. Бу яссиоёқлик, плантар фасциитни келтириб чиқариши мумкин.

Баланд пошнали пойабзал ҳам мақбул танлов эмас. Уни кийгач, тана вазни оёқ юзасига нотекис тақсимланади. Оқибатда оғирлик маркази олдинга силжиб, бундай юк учун мўлжалланмаган метатарсал суяклар ва ўша қисмдаги бўғимлар зарарланади.

‼️Бу ҳолат майда ёриқлар пайдо бўлиши, бўғимлар яллиғланиши ҳамда нерв томирларининг сиқилишига олиб келади. Бундан ташқари, яссиоёқлик ва бармоқлар деформацияси шаклланади.

Тор пойабзал кийиш ҳам саломатлик учун зиён. Оёқларда қон айланиши бузилади. Тирноқлар ингичка ва мўрт бўлиб тери ичига ўсади. Бу эса замбуруғли касалликлар учун қулай “нишон”. Қолаверса, қон яхши айланмаслиги ҳисобига шиш ва кўкариш, тромбофлебит ҳамда варикоз томирлари кенгайиши юзага келади.

Сунъий чарм ва матодан ишланган оёқ кийимлар эса намлик ва иссиқлик алмашинувини издан чиқариб, аллергик реакцияларни пайдо қилиши эҳтимоли катта.

Қаттиқ тагликка эга пойабзаллар амортизация хусусиятига эга эмас. Оқибатда умуртқа поғонаси зўриқиб, интервертебрал дискларнинг патологияси, радикулит касаллиги ривожланиши хавфи ошади. Юпқа тагликли пойабзаллардан узоқ муддат фойдаланиш ҳам оёқлар яссилиги, товонлар ёрилиши, бел чурраси ва артрозга олиб келиши мумкин.

(Давоми бор!)


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!