Мутахассис маълумоти: Юртимиздаги ёмғирлар мавсуми қачон тугайди?

Мутахассис маълумоти: Юртимиздаги ёмғирлар мавсуми қачон тугайди?

Сўнгги кунларда аҳолини хавотирга сола бошлаган ёғингарчилик мавсуми аслида ҳар 4-5 йилда кузатиладиган ҳолат. Лекин, бу гал намгарчилик ниҳоятда ошиб кетгани айтилмоқда. ЎзА маълум қилишича, бу каби намгарчилик юртимизда 1990 йилда кузатилган экан. Шунингдек, манба ёғингарчилик мавсумининг тугаш муддати ҳақида ҳам хабар қилди.

Айни вақтда юртимизда юз бераётган ёмғирли кунлар кимнидир суюнтираётган бўлса, бош бир соҳа, мисол учун ғаллакорларни қувонтираётгани йўқ. Ваҳоланки, серёмғир кунлар даладаги ҳосилнинг сифатига салбий таъсир қилиши мумкин.

Аслида ҳам апрель ойи ёмғирли об-ҳавоси билан бошқа ойларга нисбатан ажралиб турибди. Баъзи кунларда айрим жойларга кучли жала ёмғирлар ёққанининг гувоҳи бўлдик. Аслида апрель ойидаги бундай ёғинларни аномал, ғайриоддий ҳодиса деб бўлмаса-да, бундай серёмғир апрель 4-5 йилда бир кузатилади. Хўш, келгуси кунларда ҳам мана шундай ёмғирли кунлар давом этадими?

Ўзгидромет марказидан маълум қилишларича, ойнинг бошидан буён то ҳозирги кунгача юртимизнинг шимолий туманлари ва Фарғона водийсидан ташқари барча ҳудудларнинг катта қисмида 10 кундан 15 кунгача турли жадалликдаги ёмғирли кунлар кузатилган. Натижада ёққан ёғинлар миқдори ойлик меъёрдан ошиб кетган. Мисол учун, Бойсун туманида икки сутка давомида ёққан ёмғир миқдори деярли икки ойлик меъёрдан ошиб кетди.

Тошкентда эса 19 апрель куни кундузи ва 20 апрель куни кечаси, яъни сутка давомида ёққан ёмғир апрель ойи нормасининг ярмини ташкил қилди.

Бундай ёмғирли об-ҳавонинг сабаби нимада? деган саволимизга мутахассислар деярли бутун ой давомида Ўзбекистон ҳудуди устида жанубда ҳосил бўлган нам ҳаво оқимлари Россиянинг Европа ҳудудидан кириб келгани ва уни нисбатан совуқ ҳаво оқимлари билан доимий равишда қўшилиб турди деган жавобни берди. Ҳаво оқимларининг бундай бир-бирига қўшилиши эса кучли жала ҳосил бўлиши учун қулай шароит яратар экан.

Маълумотларга кўра, бундан олдин энг нам апрель Тошкентда 1990 йилда кузатилган экан. Ўшанда бир ой давомида ёққан ёмғир деярли 3 ойлик меъёрни ташкил қилган. Бунда ярим ойлик ёғинлар бир куннинг ўзида ёққан экан.

Бундай нобарқарор ва ўзгарувчан об-ҳаво яна икки кун давомида сақланиб туради. 23-24 апрель кунлари Ўзбекистон бўйича яна ёмғир ёғади, 24 апрелда ёмғир кучайиб, айрим жойларда жала қуйиши мумкин. 25 апрелдан бошлаб, май ойига қадар ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда.

24-25 апрель кунлари ҳаво ҳарорати кундузи 13-18 даражагача, кечаси 5-10 даражагача тушиб кетиши мумкин. Бу меъёрдан 5-7 даражага паст.

Кейинчалик ҳарорат кўтарила бошлайди ва ойнинг охирига келиб апрель учун одатий кўрсаткичларгача кўтарилиши тахмин қилинмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!