Мутахассис: 15 дақиқада нафақа тайинлаш амалиёти жорий этилмоқда

Мутахассис: 15 дақиқада нафақа тайинлаш амалиёти жорий этилмоқда


Яқин-яқингача пенсияга чиқиш учун 30 дан ортиқ ҳужжат талаб қилинар, айниқса, уларни тақдим этишга 14 дан ортиқ идора тизими овора-ю сарсон эди. Қанчадан-қанча қоғоз, вақт сарфланарди.
Энди ана шулардан воз кечилиб, ҳужжатларни йиғиш жараёни тўлиқ рақамлаштирилмоқда. Пенсия билан боғлиқ мурожаатлар йилдан-йилга ошиб бораётгани, табиийки, тизим фаолиятини соддалаштиришни тақозо этмоқда.

2022 йил 1 июлдан давлат пенсияларини тайинлашда фуқаролардан меҳнат стажи, иш ҳақи каби қатор ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинмоқда. Шахс фаолиятига доир барча маълумот бандликка кўмаклашиш марказларига қарашли “Ягона меҳнат миллий тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексига киритилади. Бу эса, табиийки, пенсияга чиқувчиларга катта қулайлик яратади.

Соҳада амалга оширилаётган ишлар юзасидан Пенсия жамғармаси бошқарма бошлиғи Нуриддин Шодихўжаев ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди.

- Эндиликда давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлмаган фуқароларга белгиланган етти турдаги нафақани тайинлаш учун ҳеч бир ҳужжатларсиз, қисқа муддатларда, эътиборлиси давлат идорасига ташриф буюрмасдан Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан рўйхат ўтиш орқали экстерриториал тартибда республика бўйича давлат ҳизматларига мурожаат этган ҳолда нафақаларни тайинлаш учун мурожаат қилиш имкони яратилади, - дейди Н.Шодихўжаев.- Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 28 апрелдаги “Ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим тоифадаги фуқароларга нафақа тайинлаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори 2020 йилда давлат хизматларини устувор равишда электрон шаклга ўтказиш бўйича чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш ҳамда фуқароларга нафақаларни тайинлаш учун фақат паспорт билан мурожаат қилиши кифоя бўладиган тизимни яратишни таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Ушбу қарорга кўра, нафақа тайинлаш учун мурожаат қилган фуқародан ҳеч қандай ҳужжатлар талаб қилинмасдан, керакли ҳужжатлар Пенсия жамғармасининг «Пенсия» дастурий мажмуаси орқали тегишли вазирлик ва идоралар билан ахборот алмашинуви орқали 15 дақиқа ичида олинади ва нафақа тайинланади. Эндиликда ёшга доир, ногиронлик, боқувчисини йўқотганлик, болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор (бўлган) оналарга, болаликдан ногиронларга ва ўн саккиз ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган шахсларга нафақалар тайинлаш учун аризалар Давлат хизматлари марказларига ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан рўйхат ўтиш орқали қабул қилинади. Мазкур амалиёт жорий этилиши натижасида республика бўйича жорий йилда 64 минг 500 нафар фуқарога фақат биргина паспорт асосида, энг асосийси, 15 дақиқа ичида давлат идорасига ташриф буюрмасдан экстерриториал тартибда олти турдаги нафақани тайинлаш учун мурожаат қилиш имконияти яратилади. Шунингдек, манзил-колонияларида жазо муддатини ўтаётган, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар ижтимоий таъминот билан кафолатланади ҳамда фуқароларга нафақа улар мурожаат қилган кундан эмас, балки нафақага ҳуқуқи пайдо бўлган кундан бошлаб тайинланади ва тўланади. Шу билан уларга ижтимоий жиҳатдан кўмаклашиш механизми яратилади.

Соҳадаги яна бир муҳим ўзгаришлардан бири, 2022 йил 1 январдан бошлаб пенсия, нафақа ва бошқа тўловларни аҳолига етказиб бериш ҳар 3 йилда ҳудудларда алоҳида тендер асосида танланган тижорат банки ёки бошқа ихтисослашган ташкилот томонидан амалга оширилади. Ҳозирда ушбу тўловлар Халқ банки филиаллари томонидан етказиб берилмоқда ва бунинг учун 0,9 фоиз хизмат ҳақи олинмоқда. 2020 йилда жами 35,4 триллион сўмлик пенсия ва нафақа тўловларининг 28,1 триллион сўми ёки 79 фоизи нақд пул кўринишида ажратилган. Халқ банкига мазкур тўловларни нақд пулда тарқатиш хизматлари учун 2020 йилда 223,6 миллиард сўмлик хизмат ҳақи тўланган.

Шу йилнинг 1 июнидан бошлаб пенсияларни тайинлашда шахснинг иш ҳақи ва меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базаси юритилмаган давр — 2005 йилдан аввалги йиллар учун иш стажи шахснинг меҳнат дафтарчасидаги мавжуд ёзувлар асосида, ҳеч қандай тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисобланади.


Бугунгача фуқаролардан меҳнат дафтарчасидан ташқари ишлаган давридаги иш ҳақига оид маълумотлар талаб қилиб келинган. Аммо кўплаб ташкилотларда архив иши тўғри йўлга қўйилмаганлиги сабабли жуда кўпчилик ойлик иш ҳақлари тўғрисида маълумот топишнинг имкони бўлмаган. Натижада ҳақиқатдан ишлаган бўлса ҳам пенсияси миқдори кам чиқарди. Демак, буни ҳам жуда катта ўзгариш сифатида кўрсатиш мумкин.

Илгари кўплаб пенсионерларимиз пенсия ҳисоблашдаги техник ёки бошқа хатоликлар туфайли кўпроқ миқдорда пенсия олган бўлса, кейинчалик ўша ортиқча пенсияларнинг ҳаммаси пенсионердан қайта ундирилган. Энди тасаввур қилинг, 70 ёшга кирган ва ҳеч қаерда ишламайдиган отахон олган пенсиясини аллақачон ишлатиб бўлган бўлади. Давлат эса бир неча миллион сўмни қайтаришни талаб қилади. Ўша отахон қаердан олади бунча пулни? Хуллас, саволлар кўп эди. Энди бу саволларга ҳам аниқ жавоб бор. Бир неча йил аввал тайинланган пенсия ва нафақаларни текшириш билан боғлиқ фуқароларнинг оворагарчиликларини бартараф этиш мақсадида, назорат органлари томонидан пенсия ишларини 3 йил давомида ўрганиш тартиби жорий этилиб, 3 йилдан аввал тайинланган пенсия ва нафақаларни текшириш ҳамда ортиқча тўланган миқдорларини ундириш тартиби бекор қилинмоқда.

Яна бир муҳим янгилик, жорий йил 1 июндан ишловчи фуқаролар томонидан ишламайдиган турмуш ўртоқлари келгусида пенсия таъминотига эга бўлишлари учун ўз даромадларидан ихтиёрий равишда ҳар ойда ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқи берилади. Пенсия ва нафақалар фуқаронинг хоҳишига кўра рўйхатга олинган доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича тайинланади ва тўланади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!