Мудҳиш жиноят! Тошкентда Миллий гвардия ходими 2,5 яшар болакайни уриб ўлдирди

Мудҳиш жиноят! Тошкентда Миллий гвардия ходими 2,5 яшар болакайни уриб ўлдирди

Оғир калла-мия жароҳати натижасида юзага келган миянинг шиши, оғир калла-мия жароҳати, бош юмшоқ тўқималарининг суякдан травматик ажралиши, катта гематомаси, мия юмшоқ пардаси остига қон қуйилишлар, миянинг лат ейиши, тананинг кўплаб конталаш ва шилинмалари... Бу Тошкентда фожиали тарзда вафот этган, 2017 йилда туғилган болакайга етказилган жароҳатлар. Унинг қотили эса Миллий гвардия ходими. Ҳа, афсуски, шундай.

Хўш, воқеа қандай бўлган? Гап шундаки, болакай холасининг уйида холаси ва поччаси билан яшаб келган. Миллий гвардияда ишлайдиган поччаси эса ичкиликдан татиб турарди. Бу эса охир-оқибатда фожиага етаклади.

Оилавий жанжаллардан бирида болакайнинг иштонини ҳўллаб қўйгани поччага баҳона бўлди. Зўравон ичиб келиб, жиянини калтаклайдиган, куч ишлатадиган одат чиқарди. Бирда қўли билан урса, бирда оёғи билан тепарди. Ана шундай зулмларнинг бири ўлим билан якунланди. Алкогол таъсирида бўлган золим почча эса буни кейин билди. Рафиқасини ўлим сабабини айтмаслик билан қўрқитди. Хола эса болакайнинг зинадан йиқилгани, тили тортилиб қолгани, хуллас, кўнгилсиз бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этганини таъкидлашдан чарчамади. Аммо...

“Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади”, деб бежиз айтмаган халқимиз. Миллий гвардия ходимининг ҳам қилмиши фош бўлди. Болакайнинг узлуксиз зўравонлик, калтаклар қурбонига айлангани маълум бўлди. 2,5 яшар болани спиртли ичимлик таъсирида ўлдирган жиноятчи Жиноят кодексининг иккита — 97-модда 2-қисмининг «в,ж» бандлари (ожиз аҳволдаги шахсни ўта шафқатсизлик билан ўлдириш) ҳамда 110-модда 2-қисмининг «а,в» бандлари (вояга етмаган болани муттасил равишда қийнаб, дўппослаш) билан 19 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!