Мубашшир Аҳмад: "Мусулмон киши ғайридин бошчилигида урушга кириши асло жоиз эмас"

Мубашшир Аҳмад: "Мусулмон киши ғайридин бошчилигида урушга кириши асло жоиз эмас"

Куни кеча Россия давлат Думаси урушда Россия қўшини сафида бир йил урушган чет элликларни мамлакат ватандошлигига қабул қилиши тўғрисида қонунни қабул қилди. Шундоқ ҳам рус армияси сафларига ёлланаётган ватандошларимиз сони бу қонундан кейин янада ошиши кутилмоқда, деб ёзади Мубашшир Аҳмад.

Бу ҳақда ҳуқуқшуносларимиз чет давлат армиясига ватандошларимизнинг ёлланиши жиноят эканини айтишди. Хўш, ислом шариати бу ҳолатга қандай қарайди? Қандай ҳукмлар беради? Шуни қисқа кўриб чиқсак:

Агар мусулмон бўлмаган мамлакат билан ғайридин бошқа давлат ўртасида уруш бўлса, мусулмон киши бундай урушда қатнашиши жоиз бўлмайди. Бу ҳанафий, моликий, шофиъий ва ҳанбалийлардан иборат жумҳур фуқаҳонинг мазҳабидир.

Имом Муҳаммад «Ас-сайрул-кабийр»да айтадилар: «Мусулмонлар ширк аҳли билан бошқа ширк аҳлига қарши урушмоғи жоиз эмас. Чунки икки тоифа ҳам шайтон ҳизбидандир. Шайтон ҳизби эса зиёнкорлардандир. Шундай экан мусулмон киши икки тоифадан бирига қўшилиб, уларнинг саноғини кўпайтириб, улар ҳимояси учун урушмайди. Чунки ширкнинг ҳукми аниқ-зоҳирдир. Мусулмон ҳақ нусрати учун урушади, ширк ҳукмини ғолиб қилиш учун эмас» («Шарҳус сайрил кабир», 4/1515).

Мусулмон киши ғайридин бошчилигида урушга кириш асло жоиз эмас. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ ҳаргиз кофирларга мўминлар устидан йўл бермас» («Нисо» сураси, 141-оят).

Ғайридин қўмондон бошчилигида урушга кириш, мўминнинг устида кофирга йўл бериш бўлиб қолади.

Бу ҳукм мусулмоннинг оддий ҳолларда ғайридинлар сафида урушга кириши ҳукми. Аммо мусулмон киши зарурат юзасидан бундай урушларга қатнашиши керак бўлса, у ҳолда ҳукм ўзгаради:

1) Мусулмон ғайридинлар сафида ғайридинга қарши урушишга мажбур бўлса, агар урушдан бош тортса, ўлдирилса, у ҳолда қатнашиши жоиз.

2) Асирга тушиш, таҳқирланиш хавфи бўлганда бундай ишлардан омонда бўлиш мақсадида бундай урушга кириш мумкин.

3) Мусулмонлар қарши ғайридинларнинг зулмидан озод бўлиши ва бир сафда бўлган қўмондонлари уларнинг ҳуқуқларини бериб, ҳурмат қилиши аниқ бўлса, бу ҳолда ҳам урушишлари жоиз.

Айтилган ҳукмлардан маълум бўляптики, бизнинг ўзбек-мусулмон ватандошларимиз рус қўшинлари сафида жанг қилиши, нафақат жиноят, балки шаръан ҳаром бўлган амал ҳамдир. Чунки улар юқорида зикр қилинган уч ҳолатнинг бирортасига ҳам дохил эмасдирлар, дея қайд этади Мубашшир Аҳмад.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!