Муаммо маълум, аммо ечим кутилганидек эмас

Муаммо маълум, аммо ечим кутилганидек эмас
Парламент қуйи палатасининг Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияси томонидан “Оилавий тадбирлардаги меъёр: муаммо ва ечим” мавзуида ташкил этилган давра суҳбатида тўй-ҳашамлар, оилавий тантана ва маросимларда пайдо бўлаётган маънисиз русумлар, янгидан ўйлаб топилган одатларнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди.
 
Мамлакатимизда маънавий-маърифий ишларни замон талаби асосида ташкил этиш, инсон манфаатларини таъминлаш, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш, ёш оилаларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш йўлида катта ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада халқимизнинг эзгу қадриятларини ўзида мужассам этган – одамларимизни бирлаштириш, улар ўртасида ўзаро аҳиллик ва меҳр-оқибат туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган тўй ва маросимлар муҳим ўрин тутади.
 
Шу маънода, бундай тадбирлар эл-юртимизнинг маданияти, маънавий савиясини яққол кўрсатувчи омиллардан бири сифатида халқимизнинг, кенг жамоатчиликнинг доимий диққат-эътиборида турадиган масала ҳисобланади. Сўнгги йилларда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ихчам, камхарж қилиб ўтказиш, дабдабабозлик, шуҳратпарастликка берилмаслик, миллий қадриятларимиз ва муқаддас динимизга тўғри келмайдиган салбий иллатларга йўл қўймаслик масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ишларни амалга оширишда жамоатчилик, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат ташкилотлар, илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларининг таъсири, аҳамияти каттадир.
 
Жамоатчилигимизнинг жуда катта қисми дабдабали тўй-ҳашамларга қарши чиқмоқда. Афсуски, бу борада олиб борилаётган тушунтириш ишлари кутилган натижани бермаяпти. Сабаби тўйлар масаласида “мумкин бўлган” ва “ортиқча исрофгарчилик” деган тушунчалар ўртасидаги чегарани белгилашда муайян мураккабликлар мавжуд. Боз устига, одамлар орасида давом этиб келаётган ҳашаматга ўч “анъана”лар айнан уларга келганда узилиб қолишини истамаётганлар ҳам йўқ эмас. Бундай кишилар онгида кўп сонли меҳмонларни таклиф этиш – сахийлик белгиси, деган нотўғри тушунча илдиз отган. Натижада оилаларда ўз моддий имконияти билан ҳисоблашмасдан, катта сарф-ҳаражат қилиб, сўнг қарзга ботаётган, соғлиғини йўқотаётган, олди-бердилар туфайли яқин қариндошлари билан низолашиб, юзкўрмас бўлиб кетаётганлари ҳам кўпаймоқда.
 
Давра суҳбати иштирокчилари миллий қадриятларимизни ҳурмат қилган ҳолда тўйлар, оилавий тантана, маърака ва маросимларни ихчам, камтарона ўтказиш, ўйлаб топилган одатларга барҳам бериш чораларини кўриш, бу борадаги муносабатларни, керак бўлса, қонунчилик йўли билан тартибга солиш лозимлигини таъкидлади. Бу йўналишда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари самарадорлигини ошириш, шундай ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосини такомиллаштириш борасида таклифларни илгари сурди.
Manba: uza.uz

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!