Москвада 28 сентябдан яна карантин қайтмоқда

Москвада 28 сентябдан яна карантин қайтмоқда

Москвада 28 сентябрь кунидан бошлаб баъзи карантин чекловлари жорий этилади. Бу ҳақда шаҳар мэри Сергей Собянин ўз блогида маълум қилган.

«Қадрли дўстлар! Мен аввало шаҳримизнинг ёши катта вакилларига мурожаат қилмоқчиман. Умуман олганда эса, бу мурожаатим барча москваликларга қаратилган. Одамларни доим уйда ушлаб туришнинг имкони йўқ. Шу сабаб ёзда кўпчилик ўз иш жойига қайтди. Бироқ бугун сизлардан имкон борича кўпроқ ишчиларингизни масофавий ишлашга ўтказишингизни илтимос қиламан. Корхона фаолияти ва истеъмолчилар эҳтиёжларига таъсир қилмайдиган даражада, албатта», деган Собянин москваликларга мурожаатида.

Москва мэри иш жойида санитария талабларига риоя қилиш ва 65 ёшдан катта кишилар имкон қадар уйдан чиқмаслигини сўраган. Ёши катта ходимларга ҳам масофадан ишлаш ёки меҳнат таътилига чиқиш тавсия қилинган.

Янги чекловлар 28 сентябрдан амал қила бошлайди. Собянин бу чекловлар жорий қилинишини Европада коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари сони яна кескин ошгани билан изоҳлади.

«Августдан бошлаб Европада касалланганлар сони кескин оша бошлади. Афсуски, Москвада ҳам. Бунинг устига совуқ кунлар келмоқда ва бу шамоллаш касалликлари ортишига олиб келади», деб ёзган Собянин. У шамоллаган одамларнинг коронавирус юқтириши оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Маълумот учун, 24 сентябрь куни Москвада охирги уч ойда илк марта кунлик касалланиш ҳолати мингдан ортиқ бўлди. Россияда коронавирус юқтирганларнинг умумий сони 1,13 миллиондан ошган. Касаллик мамлакатда 20 мингга яқин одамнинг ўлимига сабаб бўлган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!