Молдовада тревога эълон қилинди. Сабаби...

Молдовада тревога эълон қилинди. Сабаби...

Молдова инфратузилма вазири Андрей Спину газ бозоридаги мураккаб вазият сабабли мамлакатнинг энергетика соҳасида тревога режимини эълон қилди.

“Фавқулодда вазиятлар бўйича комиссия йиғилишида газ секторидаги вазият сабабли тревога режими эълон қилинди. Бу энергетика тармоғи корхоналари янада қийинроқ ҳолатларга тайёр туриши учун қилинди. Шунингдек, бу давлат идоралари йилнинг совуқ вақтида фуқароларни ҳимоялаши ва мамлакат энергетик хавфсизлигини таъминлаши учун зарур”, деб айтган вазир.

Унинг таъкидлашича, газни тежаш бўйича чоралар кўрилмоқда. Жумладан, энергетика мажмуасининг бир қатор корхоналари, хусусан иссиқлик электр марказлари қисман мазут ва кўмир ишлатишга ўтган.

Мамлакат ҳукумати 1 октябрда Россиянинг “Газпром” компанияси билан газ етказилиши бўйича шартномани бир ойга узайтиришга муваффақ бўлди. Бироқ шартномага кўра, минг кубметр газ нархи 790 долларгача ошган. Ваҳоланки, сентябрдаги шартларга кўра, Молдова газни 550 доллардан сотиб олган.

Спинунинг таъкидлашича, “Газпром” билан узоқ муддатли шартномани тузиш бўйича музокаралар давом этмоқда. “Молдовагаз” республикадаги газ истеъмоли Россиядан етказилувчи газ ҳажмидан кўплигини маълум қилган. Бу ҳолат эса электр энергия ишлаб чиқаришда муаммоларга олиб келиши мумкин.

Вазирнинг айтишича, агар вазият ҳал бўлмаса, унда кейинги қадам мамлакат энергетика соҳасида фавқулодда вазият эълон қилиниши бўлади. Бироқ Молдова ҳукумати Россия компанияси билан октябр охиригача мақбул нархларда янги шартнома туза олишига умид қилмоқда.

Охирги вақтда газ бозорида нархларнинг кескин кўтарилиши кузатилмоқда. Бу эса Европада газ билан боғлиқ муаммоларга олиб келган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!