Молдова фавқулодда ҳолат эълон қилди
Молдова парламенти 16 декабрдан бошлаб энергетика соҳасида 60 кунлик фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилди, хабар бермоқда ProTV телеканали.
Депутатлар 13 декабрга ўтар кечаси бўлиб ўтган йиғилишда бунга овоз берди, қарорни 101 депутатдан 56 нафари қўллаб-қувватлади.
Парламент бош вазир Дорин Речан ташаббуси билан 2025 йил 1 январдан бошлаб Украина орқали газ транзити тўхтатилиши мумкинлиги сабабли тегишли қарорни қабул қилди. Кишинёв Россия газини Украина орқали олади.
Молдова ҳукумати Днестрбўйида газ таъминоти бутунлай тўхтатилиши, шунингдек, Днестрнинг ўнг қисмига электр энергияси таъминоти узилиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Шу муносабат билан, ProTV хабарига кўра, ҳукумат фавқулодда вазиятда турли хил ҳаракатларни амалга ошириш учун барча зарур воситаларга эга бўлиши керак.
Украина ҳукумати 2024 йил бошида бир неча бор 2025 йил 1 январдан бошлаб Россия гази ва нефтининг Европага транзитини тўхтатишини айтган эди. Шу билан бирга, Киев бошқа давлатлардан транзитни амалга оширишга тайёр, деди Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк.
Тан олинмаган Днестрбўйи раҳбари Вадим Красносельский 9 декабрь куни Украина Россия гази транзитини тўхтатиши мумкинлиги сабабли 30 кунлик фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
«Коммерсант» хабарига кўра, Россия ва Молдова ноябрь ойи охирида Санкт-Петербургда газ етказиб бериш бўйича музокаралар олиб борган. Нашр маълумотларига кўра, Россиянинг «Газпром» компанияси Украина билан транзит шартномаси тугагач, тан олинмаган Днестрбўйи ҳудудига Туркия орқали газ етказиб беришни давом эттиришга тайёрлигини маълум қилган.