Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳасини молиялаштириш тизимини танқид қилди

Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳасини молиялаштириш тизимини танқид қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича навбатдаги йиғилишда соғлиқни сақлаш соҳасини молиялаштириш тизимини танқид қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, мамлакатда ҳар 10 минг аҳолига 23 нафар шифокор тўғри келмоқда. Маҳаллий тиббиёт ходимлари кўникмасини оширишга эътибор қаратилмаяпти. Ихтисослашган марказ ва ҳудудий муассаса ўртасида вертикал тизим шаклланмаган.

Даволаниш учун ордер бериш тизимида ижтимоий адолат таъминланмаётгани, бу жараёнда фақат давлат муассасалари иштирок этиши рақобатни чеклаётгани кўрсатиб ўтилди. Шу боис ордер бериш тизимини такомиллаштириш ва очиқлигини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Соғлиқни сақлаш соҳасини молиялаштириш тизими танқидий таҳлил этилди. 20-30 фоиз маблағ самарасиз сарфланаётгани кўрсатиб ўтилди. Ўзбекистонда бирламчи тиббий-санитария учун ажратилаётган маблағ улуши 35-40 фоизни ташкил этади. Хорижда эса бу кўрсаткич 60 фоиздан ошади.

Давлат ва хусусий тиббиёт учун тенг шарт-шароит, рақобат муҳити яратилмаган. Молиялаштиришда электрон тизимнинг йўқлиги маблағлар унумдорлигини таҳлил қилиш имконини бермаяпти.

Соҳани молиялаштиришни такомиллаштириш, мажбурий тиббий суғуртага оид қонунлар қабул қилиб, уни босқичма-босқич жорий этиш муҳимлиги айтилди.

Таъкидланишича, кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида ҳам камчиликлар мавжуд. Масалан, фақат 12 та олий таълим муассасаси узлуксиз касбий малака ошириш ҳуқуқига эга. Ҳозирда 50 фоиз шифокор малака ошириш билан қамраб олинмаган.

Шу боис мазкур тизимни қайта кўриб чиқиб, бу борадаги қамровни кенгайтириш, малака ошириш курсларини Қорақалпоғистон ва вилоятлар марказларида ташкил этиб, мутахассисларга қулайлик яратиш бўйича топшириқлар берилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!