Минтақавий экспертлар кенгаши Марказий Осиёда халқаро ва минтақавий ташкилотлар ҳамкорлигининг муҳим механизми сифатида ўзини намоён этди
Жорий йилнинг 27 ноябрь куни Тошкент шаҳрида "Аҳолининг радикаллашувига қарши курашишда маҳаллий ҳамжамиятларнинг иштироки" мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан БМТнинг Терроризмга қарши курашиш бошқармаси, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази ва EХҲТ билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Конференция Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Минтақавий экспертлар кенгаши фаолияти доирасида бўлиб ўтди.
Унда Марказий Осиё давлатларидан Минтақавий экспертлар кенгаши, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, жумладан, ШҲТ МАТТ, Глобал ҳамкорлик ва барқарорлик жамғармаси, Халқаро одил судлов ва ҳуқуқ устуворлиги институти, "Сеарч for Common Ground" халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти, "Булан" институти, "Атлантиc Initiative" (Босния ва Герсеговина) ва бошқалар иштирок этди.
Конференция иштирокчилари Минтақавий экспертлар кенгашининг терроризмга қарши курашиш соҳасида инновацион ечимларни ишлаб чиқиш учун муҳим меҳанизм сифатида ўзини намоён этганлигини таъкидладилар. Кенгаш репатриантлар билан ишлаш бўйича инклюзив ёндашувларни ишлаб чиқиш, қайтарилган шахсларни интеграция қилиш бўйича комплекс дастурларни яратиш, ушбу йўналишдаги мутахассислар салоҳиятини ошириш масалалари бўйича минтақавий ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир.
Ўзбекистонда маҳалла институти жамиятда ижтимоий уйғунликни сақлаш, репатриантларнинг психологик мослашуви, таълим олиши ва ишга жойлашишига амалий ёрдам беришда муҳим ўрин тутишига эътибор қаратилди. Ушбу модель халқаро экспертлар томонидан жаҳон миқёсида мослаштирилиши мумкин бўлган илғор амалиёт сифатида эътироф этилган.
Конференция Марказий Осиё, Болқон ва бошқа минтақалар мутахассислари ўртасида тажриба алмашиш майдонига айланди. "Атлантиc Initiative" (Босния ва Герсеговина), Одил судлов ва ҳуқуқ устуворлиги халқаро институти, Глобал ҳамкорлик ва барқарорлик жамғармаси экспертларининг чиқишлари ташкил этилди.
Минтақавий экспертлар кенгаши Марказий Осиёда халқаро ва минтақавий ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликнинг таъсирчан механизми сифатида ўзини намоён этаётгани таъкидланди. Шу муносабат билан тадбир иштирокчилари минтақамиз хавфсизлиги ва барқарор тараққиёти йўлида очиқлик ва ишонч тамойиллари асосида ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёр эканликларини билдирдилар.
Тадбир якунида экспертлар томонидан Минтақавий экспертлар кенгашини янада ривожлантириш бўйича бир қатор тавсиялар ишлаб чиқилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида ўз ишини бошлаган Кенгаш платформаси можароли ҳудудлардан қайтганларни реабилитация қилиш ва реинтеграция қилиш бўйича илғор тажрибаларни алмашиш учун экспертларни бирлаштиради.