Миллий статистикада маълумотларни бошқаришнинг янги модели жорий этилади

Миллий статистикада маълумотларни бошқаришнинг янги модели жорий этилади

Президент Шавкат Мирзиёев аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш якунлари ҳамда миллий статистика тизимида ислоҳотларни жадаллаштиришга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.

Мамлакатимиз аҳолиси 1989 йилдан буён қарийб икки баробар, иқтисодиётимиз эса сўнгги саккиз йилда икки карра ўсди. Бундай ўзгаришлар аҳоли таркиби, яшаш манзиллари, ер ресурслари, қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат манбалари тўғрисида аниқ ва ишончли маълумотларга бўлган эҳтиёжни оширди.

Шу мақсадда жорий йилда ўтказилган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижалари бўйича ахборот берилди.

Дастлабки натижаларга кўра, юртимизда доимий аҳоли сони 39 миллион 47 минг нафарни ташкил этди. Амалдаги ҳисобда акс этмаган 810,6 минг нафар аҳолининг яшаш манзили ва ижтимоий мақомига аниқлик киритилди.

Амалдаги маълумотлар билан солиштирганда Жиззах вилояти аҳолиси 2,7 фоиз, Наманганда 1,3 фоиз, Сурхондарёда 0,9 фоиз ва Қашқадарёда 0,7 фоиз кам экани аниқланди. Бухоро вилоятида кўрсаткич деярли ўзгармаган, бошқа ҳудудларда эса ўсган. Хусусан, Тошкент тумани аҳолиси аввалги ҳисобга нисбатан 1,6 баробар кўп, Андижон шаҳрида эса 15,8 фоиз кам экани маълум бўлди.

Қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижасида ҳисобда акс этмаган 985,5 минг гектар ернинг чегараси ва тоифаси аниқлаштирилди. Шундан 789,5 минг гектари экин ерлари, 14,1 минг гектари иссиқхоналар, 75,3 минг гектари боғлар, 21,4 минг гектари токзорлар ва 85 минг гектари балиқчилик ҳавзаларига тўғри келади.

Жараёнларнинг рақамлаштирилгани ҳисобига рўйхатга олиш харажати аҳоли жон бошига 1,5 минг сўмдан ошмади. Бу МДҲ давлатларидаги кўрсаткичларга нисбатан 15 баробар кам. Интернет орқали рўйхатга олиш қамрови 82,3 фоизни ташкил этди. Барча жараёнлар 15 кунда якунланиб, Ўзбекистон рўйхатга олиш тезлиги бўйича дунёда иккинчи ўринни эгаллади.

Рўйхатга олиш натижалари асосида аҳоли ва қишлоқ хўжалигининг доимий янгиланиб борадиган статистик регистрлари шакллантирилади. Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларига оид 100 та, қишлоқ хўжалиги ва экин майдонларига доир 50 та кўрсаткич янгиланади. Шунингдек, 2017-2025 йиллар учун миллий ҳисоблар кўрсаткичлари қайта баҳоланади.