Миллий олимпия қўмитаси бош котиби истеъфога чиқди

Миллий олимпия қўмитаси бош котиби истеъфога чиқди

Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Жасур Матчанов ўз аризасига асосан лавозимидан озод этилди.

Бугун қўмитада бўлиб ўтган навбатдан ташқари Бош ассамблея йиғилишида унинг истеъфоси бир овоздан қабул қилинди.

Айни пайтда бош котиб лавозимига номзодлар кўриб чиқилмоқда. Бу масаладаги якуний қарор навбатдаги Бош ассамблея йиғилишида қабул қилинади.

МОҚ хабарига кўра, бугунги йиғилиш кун тартибидан фақатгина Матчановнинг истеъфоси масаласи ўрин олган эди. Йиғилишда қўмита президенти Рустам Шоабдураҳмонов, вице-президент Азизжон Комилов ва Бош ассамблея аъзолари қатнашди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи, бокс бўйича жаҳон чемпионати ва Осиё ўйинлари совриндори Жасур Матчанов Миллий олимпия қўмитасида 2018 йилнинг 16 январидан буён бош котиб сифатида ишлаб келаётган эди.

«Унинг бошчилигида Миллий олимпия қўмитаси халқаро алоқаларини янада мустаҳкамлади. Шунингдек, Жасур Матякубович ўтган йили Аргентина пойтахти Буэнос-Айресда ўтказилган III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинларида Ўзбекистон делегациясига раҳбарлик қилди. Айнан мазкур мусобақада Ўзбекистон делегацияси ўсмирлар Олимпия ўйинларидаги ўзининг энг яхши натижасини қайд этди», – дейилади расмий хабарда.

Эслатиб ўтамиз, май ойида Умид Аҳмаджонов ўрнига Рустам Шоабдураҳмонов МОҚ президенти бўлгач, июнда қўмитанинг икки вице-президенти ҳам алмашган – бу лавозимда олти ой фаолият юритган Аҳмаджон Раҳимов ва Комилжон Рўзиев ўрнига Сакен Полатов ва Азизжон Комилов сайланган эди. Миллий олимпия қўмитасининг учинчи вице-президенти Салим Абдувалиев – Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси раиси ҳисобланади.

Manba: zamin.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!