Миллий гвардия 5 нафар аёл билан боғлиқ можарога ойдинлик киритди

Миллий гвардия 5 нафар аёл билан боғлиқ можарога ойдинлик киритди

Миллий гвардия Матбуот хизмати Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасига шикоят қилиб келган аёлларнинг Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари томонидан ҳибсга олинганлиги тўғрисидаги ёлғон хабарга баёнот берди.

Унга кўра, 2019 йил 20 май куни соат тахминан 08:45 ларда фуқаролар Ташматова  Гулбаҳор Давранбековна, Хаитова Малика Абдураимжоновна, Акбарова Муҳаббат Ғаниевна, Каримбекова Гулбаҳор Рустамбековна ва Эргашева Хурсаной Холбоевналар  Мирзо Улуғбек тумани, Мустақиллик шоҳ кўчаси, Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар Қўмитаси биноси қаршисида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳаракатланиши учун мўлжалланган махсус йўналишда тўпланиб, давлат раҳбарининг мазкур йўналишдан ҳаракатланишини билган ҳолда, махсус йўналишда ҳаракатланаётган кортеж йўлига чиқиб мурожаат қилмоқчи бўлганлар.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ушбу фуқароларга мазкур йўналиш бўйлаб тўпланиб туриш ва давлат раҳбарига бундай тарзда мурожаат қилиш мумкин эмаслигини, ўзларини қизиқтираётган саволлари билан тегишли тартибда мурожаат қилиш лозимлигини тушунтириб, махсус йўналишдан четроқда туриш кераклигини айтганларида, юқорида исмлари қайд этилган фуқаролар Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларини ҳақорат қилиб, шовқин-сурон кўтаришиб, қонун доирасидаги талабларни бажаришдан бош тортиб, қаршилик кўрсатганларига қарамасдан махсус йўналиш учун жавобгар бўлган Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари белгиланган тартибни таъминлаганлар.

Юқорида номлари зикр этилган фуқароларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари бўйича суриштирувни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг масъул ходимлари ўтказган. Ўзларини “жабрланувчи” қилиб кўрсатаётган фуқароларга нисбатан Ички ишлар идоралари ходимлари томонидан ўтказилган суриштирув материаллари асосида Суд органи қонуний баҳо бериб, уларга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгилаган.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчилари судларга берилган ваколатларга эга эмас.  

"Ҳурматли ватандошлар!

Мамлакатимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги йўлида хизмат қилаётган, жамоат тартибини сақлашга масъул ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида берган кўрсатмаларини тўғри қабул қилишингизни сўраб қоламиз.

Зеро, жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга сафарбар этилган орган ходимларига ҳар қандай хатти-ҳаракатларга синчковлик билан эътибор қаратиш вазифаси юклатилган.

Азиз ҳамюртлар! Агарда учинчи шахслар томонидан Сизнинг ҳуқуқларингиз поймол этилган бўлса ёки бирор бир шикоят-арзингиз давлат ташкилотлари томонидан қонуний ҳал қилинмаётган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Халқ қабулхоналари эшиклари Сиз учун доимо очиқдир.

Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган видеоёзувлар ҳамда постларда акс этаётган асоссиз маълумотларга ишониб, давлат ташкилотлари ва фуқароларнинг қонуний манфаатларига путур етказувчи, мажбуран юзага келаётган хатти-ҳаракатларингиз эса маълум бир кўринишдаги жавобгарликка олиб келади", дейилади баёнот сўнггида.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!