“Микрокредитбанк” ходими тадбиркорни 22 млн. 800 минг сўмини «еб кетди»

“Микрокредитбанк” ходими тадбиркорни 22 млн. 800 минг сўмини «еб кетди»

АТБ “Микрокредитбанк” Фарғона минтақавий филиали амалиёт бўлимининг Тошлоқ туманида жойлашган “Яккатут” мини банки етакчи мутахассиси Асрор Ваҳобов ҳам қинғир йўлни танлади. Хизмат мавқеидан фойдаланиб, фирибгарлик жиноятини содир этди.

У мазкур банкнинг мижози “Фирдавс ҳилол файз” масъулияти чекланган жамияти раҳбари А. Сайидхўжаевни банкдан олган кредит фоизини тўламоқчи эканлигидан хабардор бўлган.

Мижозни банк биноси олдида учратиб, унга кредитга ҳисобланган 51 миллион сўм фоизини 22 миллион 800 минг сўм нақд пул эвазига қоплаб беришга ваъда бериб, ишонтирган. Албатта, бундай “хизмат” кимга ҳам ёқмайди.

“Фирдавс ҳилол файз” масъулияти чекланган жамияти раҳбари банк ходимига келишилган пулни берган. А. Ваҳобов унинг 22 миллион 800 минг сўм нақд пулларини қўлга киритиб, пулларни кредит фоизига тўламай, шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган. Чув тушган мижоз банк ходимига қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага ариза билан мурожаат қилди.

Тергов ҳаракатлари давомида у етказилган моддий зарар ўрни тўлиқ қопланди. Жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар судининг очиқ суд мажлисида мазкур жиноят иши кўриб чиқилди.

Ўзбекистон миллий ахборот агентлигининг хабарига кўра, Суд А. Ваҳобовни бир йил банк – молия тизими идораларида моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда икки йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!