Миграция агентлиги Россияда бўлиб турган ўзбекистонликларга мурожаат билан чиқди

Миграция агентлиги Россияда бўлиб турган ўзбекистонликларга мурожаат билан чиқди

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россияда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига мурожаат билан чиқди.

Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг тегишли идоралари Россия ҳудудида ноқонуний бўлиб турган фуқаролар мақомини қонунийлаштириш борасида чора-тадбирлар амалга ошириб келмоқда.

2020 йил 18 апрелда Россия президентининг “Янги коронавирус (COVID-19) инфекцияси тарқалиши хавфи туфайли чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Россияда ҳуқуқий мақомини белгилаш бўйича вақтинчалик чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Ушбу фармон доирасида Россия Ички ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистоннинг Россиядаги дипломатик ваколатхоналари ҳамкорлигида 2020 йилда Россия ҳудудида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган 50 минг 700 нафар фуқароларнинг мақоми қонунийлаштирилди.

Билдирилишича, ҳозирги кунда ушбу фармонга киритилган ўзгартиришлар асосида Россия ҳудудида ноқонуний бўлиб турган хорижий давлат фуқароларига 2021 йил 15 июнга қадар ўз мақомларини қонунийлаштиришга рухсат берилди.

Шунга кўра, Россия Ички ишлар вазирлиги билан ўрнатилган ҳамкорлик асосида Россия ҳудудида ҳуқуқий мақоми қонунийлаштирилиши керак бўлган 300 минг нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароларининг рўйхати шакллантирилгани айтилади.

“Ушбу рўйхатдаги фуқароларнинг Ўзбекистондаги манзиллари бўйича маҳаллабай ўрганишлар асосида уйма-уй юриб, ҳамюртларимизнинг оила аъзоларига Россия президентининг юқоридаги фармони мазмун-моҳияти тўғрисида тушунтиришлар бериб борилмоқда.

Ҳозирги кунда ушбу тушунтириш ишлари доирасида 200 минг нафардан ортиқ фуқаролар қамраб олинди. Бу тадбирлар давом эттирилмоқда.

Шу фурсатдан фойдаланиб, Россия ҳудудида ноқонуний равишда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари 2021 йилнинг 15 июнига қадар яшаш жойидаги тегишли Россиянинг ички ишлар органларига мурожаат қилиш орқали Россия ҳудудида бўлишларини қонунийлаштириш ҳуқуқидан фойдаланишга чақирамиз.

Бунда Россиянинг ички ишлар органлари томонидан ноқонуний равишда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига нисбатан мамлакатдан маъмурий чиқариб юбориш, депортация қилиш чоралари қўлланилмайди ҳамда уларга яшаш жойидаги миграция бўлимидан қайта рўйхатдан ўтиш имконияти берилади.

Ушбу масалада ёрдам бериш мақсадида Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчихонаси ва Россия минтақаларидаги бош консулхоналарига ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига мурожаат қилишингиз мумкин”, дейилади маълумотда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!