МИБнинг 2 нафар ходими ва бир «югурдаги»га ҳукм ўқилди

МИБнинг 2 нафар ходими ва бир «югурдаги»га ҳукм ўқилди

Самарқандда Мажбурий ижро бюросининг (МИБ) икки нафар ходими ва бир «югурдаги»га суд ҳукми ўқилди.

Икки оғиз жиноят иши тафсилотлари ҳақида.

Устасига фарқи йўқ — қозоннинг қулоғини қаердан чиқаришни билади, деган гап бор. Бироқ МИБнинг Пахтачи тумани бўлими давлат ижрочиси Назар Алиев (барча исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳали ўз ишининг устаси бўлиб улгурмаганди: шу вазифада ишлаётганига олти ой бўлмаган ходимда катта тажриба нима қилсин?! Тажрибасизлигики, қўлига келиб тушган ижро ҳужжати — фуқаро Гуллола Пўлатовадан содир этган жинояти оқибатида етказилган салкам 20 миллион сўмни ундираман деб нималар қилмади, дейсиз?!

Аввалига қарздорнинг турмуш ўртоғига тегишли «Спарк» русумли машинасини хатлаб, жарима майдончасига тиқди. Мазкур автоулов эр-хотиннинг умумий мулки эмаслиги, машина никоҳидан аввал сотиб олинганини исботлашгунча асаблар озмунча қақшамади.

Бироқ бу ҳолва экан. Кейинги гал Н.Алиев ҳай-ҳайлашларига қарамай, қарздорнинг уйидаги тўрт бош сигирни олиб кетди. Жониворлар аёлнинг қайнотасига тегишли эканини МИБчи тушунса, қани?!

Отахон судга мурожаат қилиб, қанча ҳаракат-у харажат билан сигирларини қайтариб олгунча она сути оғзига келди...

Албатта, ижро ҳужжати амалга оширилиши шарт. Бироқ қарздорнинг аҳволи маълум: имконияти борича зарарнинг бир қисмини тўлади. Бу ёғига на пули бор, на номида мол-мулки?! МИБчилар эса қонини ичиб тўймади, денг...

Пичоқ суякка етгач, Г.Пўлатова давлат ижрочисининг ёнида юрадиган  Азиз Валиевга (бундайларни соҳа ходимлари «жамоатчи» дейишади, аҳоли эса — «югурдак»!) мурожаат қилади: раҳм қилинглар-ей, барака топгурлар!

Азиз Валиев ортиқча таранг қилиб ўтирмади: бўпти, опа, Назар аканинг кўнглидагини билиб, кейин сизга айтаман...

Назар Алиевнинг «кўнглида»ги... беш миллион сўм экан! Шунча маблағ эвазига аёлнинг ишини «40-модда» орқали ҳал этиш мумкин эмиш (айни ўринда «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонунининг 40-моддаси назар тутилмоқда. Унда ижро этиш имконияти йўқ суд қарорлари тоифаси белгиланган бўлиб, ижро ҳужжатлари қайтариб юборилади. Қонуннинг айни моддаси тизимда наинки суиистеъмолчиликлар келтириб чиқариши эҳтимоли билан, балки ҳақдорнинг ҳуқуқи масаласида ҳам қатор баҳс-мунозаларга сабаб бўлиб келмоқда. Бу энди алоҳида мавзу).

Аёл бунча пули йўқлигини билдириб, келишишга уринади, шу тариқа миқдор тўрт миллионга, сўнг уч миллион сўмга тушади.

Энг оғриқлиси, «музокараларнинг сўнгги босқичи» МИБнинг Пахтачи туман бўлими биносида, яна денг бюронинг яна бир ходими Моҳир Худойбердиев гувоҳлигида ва унинг хизмат хонасида бўлиб ўтади! МИБ биносидаги бундай манзарани кўриб, нима бало, «очиқ савдо» тизим ходимлари учун одатий ҳолга айланганми, деворасанда киши?! Қўрқиш йўқ, ҳадик йўқ — худдики кундалик хизмат вазифасини бажаришаётгандай...

Майли, қўлга тушмаган ўғри эмас, дейдилар. Тасаввурларимизни нари суриб, реал воқеликка қайтсак: «ставка» уч миллиондан тушмаслигига амин бўлгач, Г.Пўлатова МИБ биносидан чиқиб, тўғри тегишли органга ариза ёзади....

Воқеаларнинг кейинги ривожи маълум: давлат ижрочиси 3 миллон сўм пора билан қўлга олинади. Унинг «югурдаги» ҳам жиноят ишига шерик сифатида жалб этилади.

Кейинроқ бўлиб ўтган судда давлат ижрочиси Назар Алиев пора олганликда айбланиб, беш ярим йилга «кесилган» бўлса, унинг «югурдаги» Азиз Валиевга уч йил берилди.

Томонлар ўртасидаги «очиқ савдо»га гувоҳи бўлган яна бир МИБчи М.Худойбердиев ҳам жавобгарликдан қутулиб қолгани йўқ: жиноят ҳақида хабар бермаслик айби билан унга икки йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.

Manba: xabar.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!