МИБ ходимига пора берган шахсларга суд ҳукми ўқилди

МИБ ходимига пора берган шахсларга суд ҳукми ўқилди

Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида МИБ ходимига пора беришга ҳаракат қилган шахслар билан боғлиқ икки иш суд мажлисида кўриб чиқилди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Хива туман судининг раиси Муроджон Ҳасанов «Газета.uz"га маълум қилди.

2018 йил 28 сентябрда Хива туман «Истиқлол» маҳалла фуқаролар йиғини биносида, очиқ сайёр суд мажлисида Р. Анназаровга оид жиноят иши кўриб чиқилди.

Туман судининг ҳукмига асосан Р. Анназаров 2018 йил 12 июнь куни «Журён» маҳалласида фаолият кўрсатаётган «Маткарим тракторчи» фермер хўжалигига қарашли электр ҳисоблагичга ўрнатилган тамға ўзбошимчалик билан бузилган ҳолда ноқонуний фойдаланаётганлиги аниқланиб расмийлаштирилган ҳужжатлар юзасидан, қонуний чора кўрмаслик ва расмийлаштирилган ҳужжатларни йўқотиб бериш эвазига, қонунга хилоф эканлигини била туриб, МИБ Хива туман бўлими тезкор шўъбаси катта инспекторига 200.000 сўм пулларни пора тариқасида берган вақтида тезкор тадбир иштирокчилари томонидан жиноят устида қўлга олинган.

Суд томонидан Р. Анназаровга ЖКнинг 211-моддаси 1-қисми билан энг кам ойлик иш ҳақи 172.240 сўмнинг 40 баравари миқдорида, яъни 6.889.600 сўм жарима жазоси тайинланиб, ашёвий далил деб эътироф қилинган, пора предмети 200.000 сўм пуллар давлат эгалигига ўтказилиши белгиланди.

Худди шунингдек, 2018 йилнинг 14 ноябрь куни Хива туман «Полосултон» маҳалла фуқаролар йиғини биносида, очиқ сайёр суд мажлисида МИБ Хива туман бўлими ходимига пора бериш жиноятини содир қилган Ш. Маткаримовга нисбатан ҳам ҳукм ўқилди.

Ш. Маткаримов МИБ Хива туман бўлими тезкор шўъбаси катта инспектор томонидан 2018 йил 9 сентябрь куни Хива тумани «Полосултон» маҳалласидаги хонадонида электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланган ҳолда ноқонуний тарзда фойдаланиб келаётганлиги аниқланиб, расмийлаштирилган ҳужжатларни қонуний чора кўриш учун суриштирувга ўтказмасдан, йўқ қилиб ташлаш эвазига, қонунга хилоф эканлигини била туриб, ноқонуний фаолиятини яшириш мақсадида 2018 йил 10 сентябрь куни соат 9−00 ларда Мажбурий ижро бюроси Хива туман бўлими биноси олдида, ҳолат бўйича ҳужжатлар расмийлаштирган давлат органи мансабдор шахси МИБ Хива туман бўлими тезкор шўъбаси катта инспекторига 500.000 сўм пулларни қасддан пора тариқасида берган вақтида тезкор тадбир иштирокчилари томонидан жиноят устида қўлга олинган. Ш. Маткаримов суд муҳокамасида айбига иқрорлик билдирди.

Жиноят иши юзасидан мавжуд далиллар ва гувоҳлар кўрсатмалари ҳар тарафлама, синчиклаб текширилиб, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 454−457, 463, 465−468, 471−472-моддаларига амал қилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 211-моддаси 1-қисми билан судланувчи Ш. Маткаримовга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақи 184.300 сўмнинг 40 баравари миқдорида 7.372.000 сўм жарима жазоси тайинланиб, пора предмети яъни 500.000 сўм пуллар давлат эгалигига ўтказилиши белгиланди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!