Месси «Барселона»да қолиши мумкин

Месси «Барселона»да қолиши мумкин

Ёзда «Барселона» билан амалдаги шартномаси ниҳоясига етадиган Лионель Мессининг клубдаги кейинги тақдири ҳали ҳамон мавҳумлигича қолмоқда, дея хабар бермоқда Marca.

Манбанинг ёзишича, аргентиналик футболчи қайси клубда тўп суриш борасида ҳали бир қарорга келмаган. Нашрнинг Каталония клубидаги манбасига кўра, Месси «Барса»да қолиш фикрига аввалгидан кўра ижобийроқ ёндошмоқда. Футболчининг вакиллари ҳам Лионелнинг ёзда клуб билан шартномасини узайтириши мумкинлигини рад этишмаяпти.

33 ёшли форвард Жозеп Бартомеу «Барса» президенти бўлган вақтда клубдан кетиш ҳақида қатъий қарорга келганди, ҳозирга келиб эса вазият анча юмшаган. Месси клуб президентлиги учун ўтадиган 7 март кунги сайловлардан кейин янги раҳбарият билан янги шартнома масаласини гаплашиб, кейин бир қарорга келмоқчи. 

Қайд этилишича, Мессининг бошқа клубга ўтиши мумкинлиги ҳақидаги миш-мишлар футболчига ёқмаяпти. Айниқса, «ПСЖ» клубининг Месси трансфери атрофидаги гап-сўзларга сабабчи бўлаётгани Лионелнинг жаҳлини чиқарган.

Аввалроқ, Месси ёзда эркин агент сифатида «Манчестер Сити» ёки «ПСЖ»га ўтиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!