Мерц: Германия ҳозир уруш ҳолатида эмас, аммо тинч даврда ҳам эмас
Германия канцлери Россиянинг Украинага қарши уруши ва гибрид ҳужумлари Европа хавфсизлиги учун бевосита таҳдид эканини айтди.
Германия канцлери Фридрих Мерц Берлинда парламент таътили олдидан ўтказилган ёзги матбуот анжуманида Россиянинг Украинага қарши уруши, шунингдек, гибрид ҳужумлар Германия ва Европа учун бевосита хавф туғдираётганини билдирди.
Унинг сўзларига кўра, Россия Украинадан ташқари ҳудудларда ҳам янги тажовузкор ҳаракатларга тайёргарлик кўрмоқда.
Мерцнинг таъкидлашича, таҳдидлар Молдова, Болтиқбўйи давлатлари ва Европанинг бошқа мамлакатларига ҳам қаратилган. Германия эса диверсиялар ва гибрид ҳужумларни қайд этмоқда.
«Биз гибрид уруш деб аталадиган ҳаракатларнинг асосий нишонларидан биримиз», — деди Германия канцлери.
Шу муносабат билан у Германия ва Европанинг мудофаа қобилиятини тиклаш муҳимлигини таъкидлаб, Берлин бу борада аввалги камчиликларни тез суръатларда бартараф этаётганини айтди.
