"Мен Худоман": Қозондаги мактабда бир нечта ўқувчи ва ўқитувчини ўлдирган қотил ҳақида

"Мен Худоман": Қозондаги мактабда бир нечта ўқувчи ва ўқитувчини ўлдирган қотил ҳақида

Россия таркибига кирувчи Татаристон Республикаси пойтахти — Қозон шаҳридаги 175-сонли гимназияга 11 май куни уюштирилган ҳужумда, сўнгги маълумотларга кўра, тўққиз киши ҳалок бўлди. Яна 20 дан ортиқ одам жабрланди, уларнинг саккиз нафари оғир аҳволда. Яраланганларнинг 18 нафари — 15 ёшга ҳам тўлмаган, улардан олти нафари жуда оғир аҳволда касалхонага ётқизилган. 13 жабрланувчи ўртача оғир аҳволда. Ҳужум қилган шахс — 11 май куни мактабга кириб, ўт очган Ильназ Галявиев — якка тарзда ҳаракат қилган, аммо ҳужумдан кейинги дастлабки соатларда бир йўла бир нечта нашр манбалари ҳужумда икки киши қатнашганини ёзганди. Кейинроқ бу маълумот Татаристон раҳбарияти томонидан расман инкор  қилинди. Бу ҳақда "Дарё" ёзмоқда.

Baza маълумотларга қараганда, Галявиевнинг асосий нишони 8 «А» синф бўлди — ҳалок бўлган болаларнинг кўпчилиги шу синфда ўқиган. Жабрланганлар ва ҳалок бўлганлар орасида, дастлабки маълумотлар бўйича, катта синф ўқувчилари йўқ. Ўрта ва бошланғич синф ўқувчилари жабрланган, ўнинчи синф ўқувчилари бу пайтда ҳарбий машғулотлар учун тўпланган. Ҳужум чоғида 25 ёшли инглиз тили ўқитувчиси Эльвира Игнатьева ҳалок бўлди. У бешинчи синфларга дарс ўтаётган эди, ўқ овозини эшитиб, синф хонасидан чиққан.

Ильназ Галявиев 19 ёшда, у 175-сонли гимназия битирувчиси. Апрель ойида у дарсларга келмай қўйгач, коллеждан ҳайдалган. Тўрт йил аввал Галявиев гимназияни битириб, Қозондаги ТИСБИ (Татаристон бизнесга кўмаклашиш институти) коллежига ўқишга кирган. У ерда тўртинчи курсгача ўқиган, аммо 2021 йил апрелида академик қарздорлик туфайли ўқишдан ҳайдалган. Ўқиш вақтида Галявиев ўзини курсдошлари ва ўқитувчиларига ҳурмат билан муносабатда бўлган «вазмин ва низога бормайдиган талаба» сифатида кўрсатган. Бироқ 2020 йил январида у ўқишда кўринмай қолган, бир нечта имтиҳонларга келмаган, шундан кейин ўқишдан ҳайдалган.

Галявиев яқинда ўзининг «худо» эканини англаб етгани ва «барчадан нафратланиш»ни бошлаганини айтган. 2021 йил майида у Telegram-канал очиб, «дунёда жонзотлар қолмаслиги кераклиги, бу борлиқнинг хатоси экани» ҳақида ёзган. Худди шу каналда отишмадан бир неча соат аввал у «жуда катта миқдордаги биочиқиндини йўқ қилиши», шундан кейин ўз жонига қасд қилиши ҳақида ёзган. Қўлга олинганидан кейин, биринчи сўроқ пайтида Галявиев 2020 йил ёзида ўзида «махлуқ уйғонишни бошлагани» ва «ҳаммадан янада кўпроқ нафратланишни» бошлаганини айтди. Икки ой аввал эса Галявиев, ўзининг сўзларига кўра, ўзининг «худо» эканини англаб етган ва ҳатто бу ҳақда ўз онасига ҳам сўзлаб берган. Айни вақтда унинг отаси ўғлининг охирги вақтларда ўзини одатий тарзда тутгани, ҳеч қандай салбий фикрлар ва кайфиятларни намоён қилмаганини билдирди.

Ильназ Галявиев мактабга Hatsan ESCORT турк ов милтиғи билан келди — 2018 йилда Керч коллежида 20 кишини ўлдирган Владислав Росляков ҳам худди шу милтиқ билан қуролланган эди. Галявиев қурол учун рухсатномани 28 апрель куни, мактабдаги отишмадан икки ҳафтача аввал олган.

Ов милтиғи Йошкар-Ола шаҳрида (Марий Эл Республикаси пойтахти) сотиб олинган, Mash ҳатто қурол дўконидаги кузатув камераси кадрларини ҳам келтириб ўтди. Галявиев қуролни қонуний тарзда сотиб олганини «Росгвардия» тасдиқлади. Отишмадан кейин бир неча соат ичида Россия президенти Владимир Путин «Росгвардия» раҳбарига «отишма содир этган шахс қўллаган қурол турини ҳисобга олган ҳолда» фуқароларнинг фойдаланишига рухсат берилган қурол турлари ҳақида янги низом ишлаб чиқишни топширди.

Галявиев қўлида қурол билан ҳеч қандай тўсиқсиз мактабгача борган. Ўқув муассасасида қўриқчилар бўлмаган, аммо ходимлар тревога тугмасини босишга улгурган. Кузатув камерасидан олинган кадрларга кўра, юзини қора ниқоб билан тўсиб, қўлида ов милтиғини ушлаб олган Галявиев мактабга очиқдан-очиқ кириб келган. Муассасада қўриқчилар бўлмаган: маҳаллий «Сфинкс Патруль» хусусий қўриқлов ташкилоти директори Жаудат Хайруллин маълум қилишича, мактаб тўловни ҳадеб кечиктираверган, корхона у билан ишламай қўйганидан кейин, сўнгги бир неча йиллардан буён гимназия қўриқланмай келган. Mash ёзишича, гимназия коронавирус пандемияси даврида, ушбу хизмат тури нархи ошиб кетганидан сўнг қўриқлов хизматидан воз кечган. Қозон мерияси аниқлик киритишича, ўқув муассасаси штатида «қоровул аёл» бор, шунингдек, мактабда тревога тугмаси ўрнатилган. Татаристон президенти маъмуриятида маълум қилишларича, ҳужум чоғида бинога кириш қисмида турган икки нафар мактаб ходими яраланган, аммо тревога тугмасини босишга улгурган, шунингдек, ҳужумчига «тўсқинлик қилишни бошлаган». «Бу жуда кўп ҳаётларни сақлаб қолди», — деди Татаристон президенти матбуот хизмати раҳбари Лилия Галимова.

Кейинроқ Россия Таълим вазирлиги ҳудудларга мактаб ва боғчаларда хавфсизлик чораларини кучайтиришни тавсия қилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!