Мексикада катта йўлда юзлаб мигрантлар қамалиб қолган трейлер ташлаб кетилди

Мексикада катта йўлда юзлаб мигрантлар қамалиб қолган трейлер ташлаб кетилди

Мексикада контрабанда билан шуғулланаётган жиноятчилар 400 га яқин мигрант ортилган трейлерни катта йўлда ташлаб кетган. Уларнинг трейлердан чиқиб олишига маҳаллий аҳоли ёрдам берган, дейилади Azteca телеканали тарқатган хабарда.

Темир “сандиқ”дан халос бўлишга муваффақ бўлган мигрантларнинг маълум қилишича, трейлер ичида ҳаво тугай бошлаган, шу сабабли улар трейлер томини буза бошлаган. Шавқин-суронни эшитган маҳаллий аҳоли вакиллари уларни қутқариб олган.

ОАВ маълумотларига кўра, ноқонуний мигрантларнинг катта қисми Гондурас, Сальвадор, Гватемала, Венесуэла ва Гаитидан бўлиб, улар дарҳол воқеа жойидан яширинишган. Қонун ҳимоячилари ва миграция хизмати вакиллари воқеа жойига келиб 93 кишига ёрдам берган, уларнинг 12 нафари касалхонага ётқизилган.

Мигрантлар АҚШ чегарасига қараб кетаётган бўлган.

Июнь ойида ҳам Техасда йўлда ташлаб кетилган трейлерда 51 киши бўғилиб ҳаётдан кўз юмган эди. Улар Марказий Америка ва Кариб хавзаси мамлакатларидан бўлгани маълум қилинган.

АҚШнинг божхона ва чегара назорати бошқармаси ўтган 9 ой мобайнида Мексика чегарасидан қарийб 1,4 миллион ноқонуний мигрантни аниқлашганини таъкидлашмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!