Мексика оммавий депортацияга тайёрланмоқда

Мексика президенти Клаудия Шейнбаум маъмурияти АҚШдаги ноқонуний муҳожирларни қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли дастурни ишга туширди. Ҳукумат Дональд Трамп ваъда қилган АҚШ тарихидаги “энг йирик депортация операцияси”га тайёргарлик кўриш учун 2600 дан ортиқ адвокат ва 2200 консуллик ходимини сафарбар қилди.
"Биз ҳар доим Қўшма Штатлардаги мексикаликларни ҳимоя қиламиз", деди Шейнбаум жума куни матбуот анжуманида. "Президент Трампдан кейинги ҳар қандай мулоқотда АҚШдаги фуқароларимизни ҳимоя қилиш ва мексикаликларнинг Америка иқтисодиёти учун қанчалик муҳимлигини кўрсатиш устувор вазифалардан бири бўлади."
Мексика Ташқи ишлар вазирлиги АҚШдаги 53 та консуллик ходимларини ишга туширди ва ҳибсда қолиш хавфи остида бўлган мигрантларга ёрдам бериш учун 24 соатлик “Контакт тугмаси” иловасини ишга туширди.
Ҳукумат, шунингдек, чегара шаҳарларида бошпана тайёрламоқда ва депортация қилинганларга уйларига қайтишлари учун 2000 песо (тахминан 98 доллар) тўлашга ваъда бермоқда.
Мексика Марказий банки маълумотларига кўра, 2024-йилнинг ноябригача бўлган 12 ой ичида мигрантларнинг пул ўтказмалари 65 миллиард долларни ташкил этиб, мамлакатнинг энг муҳим даромад манбаларидан бирига айланди. АҚШ 2024 йилда 190 491 мексикаликни депортация қилди, бу ўтган йилга нисбатан 11 фоизга кам.
"Қайтишни танлаган ёки қайтишга мажбур бўлганлар очиқ қўллар билан кутиб олинади ва дарҳол бизнинг ишчи кучимизга киритилади", деди ташқи ишлар вазири Хуан Рамон де ла Фуэнте.
Мутахассисларнинг қайд этишича, 11 миллион ноқонуний муҳожирнинг барчасини АҚШдан депортация қилиш логистика ва иқтисодий даҳшатга айланади. Мутахассисларнинг фикрича, муҳожирларнинг оммавий депортацияси иқтисодий оқибатлар туфайли АҚШда норозиликни келтириб чиқариши мумкин.