Маймун чечаги дунёнинг 89 давлатида рўйхатга олинди, беморлар сони қарийб 28 минг нафарга етди

Маймун чечаги дунёнинг 89 давлатида рўйхатга олинди, беморлар сони қарийб 28 минг нафарга етди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Ер юзида маймун чечаги тарқалиши билан боғлиқ навбатдаги ҳисоботини эълон қилди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Унда келтирилишича, ушбу эпидемия ҳозиргача дунёнинг 89 давлатида рўйхатга олинди. Инфекцияни юқтирган беморлар сони эса 27 814 нафарга етган. Улардан 11 нафари касаллик оқибатида ҳаётдан кўз юмди.

Вирусдан энг кўп азият чекаётганлар рўйхатида Европа ва Америка қитъалари пешқадам. Хусусан, шу кунгача АҚШда 7510 нафар беморга маймун чечаги ташхиси қўйилган бўлса, Европада бу кўрсаткич 16 814 нафарга тенг.

Шундан Испанияда — 4577, Германияда — 2887, Буюк Британияда — 2759, Францияда — 2239, Бразилияда – 1721 та ҳолат қайд этилган.

Қолган 83 та мамлакатда эса касалланганлар сони кўпи билан 1000 нафардан ошмайди. Нигерияда 4 нафар, Испания ва Марказий Африка Республикасида 2 нафардан, Бразилия, Гана ҳамда Ҳиндистонда эса бир нафардан бемор хасталик туфайли вафот этган.

ЖССТнинг маълум қилишича, ҳозирча маймун чечагига қарши алоҳида ва махсус вакциналар мавжуд эмас. Шунга қарамай, чечак касаллигининг олдини олишда қўлланиладиган эмлаш воситалари ушбу хавфли инфекциядан ҳимояланишда 85 фоиз самара беради.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!