Мавсумий кўз касалликларидан қандай ҳимояланиш керак?
Куз-қиш мавсумида қатор кўз касалликлари фаоллашуви кузатилади. Шулардан бири — кўзнинг қичишиши бўлиб, бу симптом турли сабабларга кўра юзага келади.
Баъзида у енгил кечса, айрим ҳолларда жиддий хасталиклардан дарак беради.
Кўз қичишишига сабаб бўладиган асосий омиллар нималардан иборат? Қандай қилиб унинг олдини олиш ва даволаш мумкин?
— Кўз қичишиши кўпинча аллергия туфайли келиб чиқади, — дейди Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази директори Азамат Юсупов. — Чанг, гул чанги, ҳайвонлар юнги, косметика, маиший кимёвий воситалар, контакт линзалар материаллари аллергик реакцияга киришади. Натижада кўз қизариши, шишиши, ёшланиши ва қичиши кузатилади. Баъзи одамлар мавсумий, айримлар эса доимий аллергияга мойил бўлади.
Кўзнинг мунтазам қичишишига сабаб бўлувчи яна бир муҳим омил қуруқ кўз синдромидир. Кўз етарлича намланмаса, қуруқлик боис ноқулайлик келиб чиқади. Бунга узоқ вақт компьютер ёки телефон экранига қараш, етарлича суюқлик истеъмол қилмаслик, дори ва гормонларнинг мувозанати бузилиши сабаб бўлади.
Бактериал ва вирусли инфекциялар ҳам кўз қичишишига олиб келади. Конъюнктивит (кўз шиллиқ қаватининг яллиғланиши) бактериялар, вируслар ёки замбуруғлар бунга сабабчидир. Бундай ҳолларда қичишиш билан бирга, кўздан йирингли, шаффоф ажралмалар чиқиши, шиш ва қизариш кузатилади.
Контакт линзалардан нотўғри фойдаланиш, кўзнинг ортиқча толиқиши, инсондаги гормонал ўзгаришлар, стресс ва асабий зўриқиш, витамин ва минераллар етишмовчилиги, баъзи тери касалликлари ҳам қичишишга олиб келади.
Энди хасталик профилактикаси ва муолажасига келадиган бўлсак, бу борада бир қатор тавсиялар мавжуд.
Кўз қичишишини даволаш унинг сабабига боғлиқ бўлиб, баъзан буни уй шароитида муолажа қилса бўлади, баъзида шифокорга мурожаат қилишга тўғри келади.
Энг муҳим чоралар эса қуйидагилар:
- Аллергиядан ҳимояланиш: агар қичишиш аллергия билан боғлиқ бўлса, имкон қадар ундан узоқ туриш ва антигистамин дорилар қабул қилиш тавсия этилади.
Гигиенага риоя қилиш: кўзларни тоза сақлаш, қўлларни ювиш ва бегона нарсалар билан ишқаламаслик инфекцияларнинг олдини олади.
Сунъий томчидан фойдаланиш: у кўзни намлантиришга ёрдам беради.
Ҳар 20 дақиқада қисқа танаффус қилиш ва кўзни дам олдириш зарур.
Тўғри овқатланиш: А витамини, Омега-3 ва Б гуруҳи витаминларига бой маҳсулотлар истеъмол қилиш кўз соғлиғини яхшилайди.
Ташқи муҳитни назорат қилиш: хонани намлантириш, кўзни шамол ва чангдан ҳимоялаш муҳим.
Шифокорга мурожаат қилиш: агар қичишиш узоқ давом этса ҳамда шиш ва йирингли ажралмалар ёки кўриш қобилияти пасайиши кузатилса, албатта, офтальмолог билан маслаҳатлашиш шарт.
Умуман, кўз қичишиши кўплаб омилларга боғлиқ бўлиб, даволаш усули шунга қараб белгиланади. Шу маънода, ҳар қандай ҳолатда ҳам шифокорлар билан маслаҳатлашиш энг тўғри ечимдир.
