Мавлид қайси мамлакатларда қандай нишонланади?

Мавлид қайси мамлакатларда қандай нишонланади?

Дунёдаги барча мусулмонлар учун энг азиз бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган ойларида Мавлид тадбирларини катта хурсандчилик билан ўтказиш энг яхши одатга айланган. Асрлар оша давом этиб келаётган ушбу одат дунёнинг турли қитъаларида яшайдиган халқлар орасида турлича ўтказилади.

Мазкур мақолада биз бир қанча мамлакатларда Мавлид ўтказишнинг тартиб-қоидлари ҳақида фикр юритамиз.

Покистонда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган Мавлид ойига алоҳида тайёргарлик кўрилади. Рабиул аввал ойи кириши билан масжидлар, бозорлар, жамоат жойлари, кўчалар ва маҳаллар ёрқин чироқлар ва байроқлар билан безатилади. Ўқув даргоҳларида эса катта-катта тадбирлар ташкил этилиб, унда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни мадҳ этувчи наът, шеър ва қасидалар ўқилади.

Туркиянинг Шимолий Кипр мусулмонлари Мавлид ойи кириши билан Ларнака порт шаҳридаги Хола Султон Такка масжидига борадилар. Бу Ислом дунёсидаги машҳур масжидлардан ҳисобланади.

Ливия аҳолиси эса мамлакатдаги беқарор вазият бўлишига қарамай Мавлид ойини байрамона кайфиятда ўтказадилар. Болаларга байрам муносбати билан ҳадялар берилади. Кўчаларда дўмбиралар овози янграйди. Уйларда байрам дастурхони тузалади.

ЖАР да истиқомат қиладиган мусулмонлар жамоаси бу ойда Рэмпис-снай тадбирини ўтказадилар. Рэмпис малайча сўз бўлиб, “кичик қоғозли сумка” деган маънони билдиради. Снай эса африканча сўз бўлиб, “кесиш”ни англатади. Тадбир давомида мусулмонлар байрамона кийимлар кийиб, лимон ва апельсин дарахти баргларини кесиб олиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салоту саломлар айтишади. Кейин кесилган баргларни пушти ва лимон сувига ботириб, кичик пакетларга ўраб бир-бирларига ҳадя қилишади.

Мисрда Мавлид алоҳида байрам сифатида нишонланади. Ушбу байрам билан кўплаб анъаналар боғланиб кетган. Масалан, Мавлид байрами кунлари Мисрда шакар қўғирчоқ ясалади. Буни маҳаллий одатда “Мавлид келини” деб аташади. Бу каби Мавлид билан боғлиқ яна бир қанча одатлар, айнан шу байрам арафасида нишонланади. Мисрликлар Мавлид ойида суннатга мувофиқ кўпроқ камбағал оилаларга ташриф буюриб, уларнинг ҳол-аҳволларидан хабар оладилар, моддий ёрдам кўрсатадилар.

Туркия ҳам Мавлидни нишонлашда Мисрдан қолишмайди. Бу ерда ҳам байрамни нишонлаш учун кенга қамровдаги алоҳида тайёргарлик ишлари кўрилади. Мавлид байрамларида туркларнинг рамзи бўлмиш, тасаввуфдаги само – илоҳий қасидалар ва рақс кенг намойиш этилади.   

Фаластинда ҳам Мавлид катта аҳамият касб этган. Байрам кунлари шаҳар кўчаларида байрам юришлари ташкил этилади. Болаларга байрам муносабати билан турли ширинликлар ҳадя этилади.

АҚШ мусулмонлари ҳам Мавлидни ўзгача нишолайдилар. Улар байрам кунлари масжид ва ибодатхонларда бирлашиб Пағамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам салоту саломлар, наътлар ўқишади. Кейин кечки байрам дастурхонлари ташкил этилади.

Эронда ҳам Мавлид ойи байрамона тарзда нишонланади. Бу ерда “Исломий бирлик ҳафталиги” ҳафта давомида нишонланади. Бу ҳафта Мавлид суннийлар ва шиалар томонидан нишонланадиган кунларни ўз ичига олгани учун ҳам шундай деб номланган. Бу кунларда бутун Эрон бўйлаб масжидларда бошланадиган ҳар хил диний тадбирлар маданий акциялар билан якун топади. Байрам муносабати билан кўчалар чиройли тасвирлар билан безатилади.

Ўзбекистонда ҳам Мавлид ойи ўзгача кутиб олинади. Масжидларимизда, хонадонларда Мавлид муносабати билан Имом Жаъфар Барзанжийнинг мавлид асарларидан намуналар ҳам араб тилида, ҳам ўзбек тилида ўқилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салоту саломлар айтилади. Байрам муносабати билан ёшу кекса барча бир-бирини табриклайди, яхши тилаклар улашади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!