Масофавий таълимга ўтилган бўлса-да, ОТМларда контракт нархи нега ўзгармади?

Масофавий таълимга ўтилган бўлса-да, ОТМларда контракт нархи нега ўзгармади?

Ўзбекистондаги давлат ОТМларининг карантин шароитидаги харажатлари ўзгармади, деб маълум қилди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги.

Вазирлик хабарига кўра, амалдаги тартибга мувофиқ, ОТМларда «контракт нархи» бир талабани ўқитиш билан боғлиқ харажатлар миқдоридан келиб чиқиб белгиланади.

Харажатлар таркибининг асосий қисмини профессор-ўқитувчилар ва ходимларга тўланадиган иш ҳақи (ажратмаси билан) ва унга тенглаштирилган тўловлар, талабага ҳар ой тўлаб бориладиган стипендия тўловлари («стипендияли» тўлов-контракт қиймати миқдорида), ўқув жараёнини ташкил этиш билан боғлиқ бўлган харажатлар ҳамда бошқа турдаги сақлаш харажатлари ташкил қилади.

Бугунги кунда республика ОТМларида таҳсил олаётган талабалар учун ижтимоий ҳимояланган тўлов-контракт миқдорлари амал қилмоқда.

«Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бакалавриат таълим йўналишлари бўйича 2019/20 ўқув йили учун тасдиқланган стипендиясиз базавий тўлов-контракт миқдорлари бир талабани бир йиллик ўқитиш харажатларини қисман, яъни ўртача 68 фоизини қопламоқда холос.

Мазкур маблағлар профессор-ўқитувчи ва ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатларни қисман қопламоқда. Қолган харажатлар ОТМнинг бошқа молиявий манбалари ҳисобидан амалга оширилмоқда», – дейилади вазирлик изоҳида.

2019/20 ўқув йилининг баҳорги семестрида белгиланган машғулотларга ажратилган соатларни талабалар томонидан масофавий таълим асосида ўзлаштириш (масофавий бериш мумкин бўлмаган лаборатория ва амалиётнинг бир қисми) июль-август ойларига ёки кейинги ўқув йилига ўтказилиши белгиланган.

Таъкидланишича, ОТМга юклатилган, талабаларга билим бериш мажбуриятлари олий таълим давлат стандартлари асосида бажарилиб келинмоқда.

«Бугунги карантин кунларида ОТМлар профессор-ўқитувчи ва ходимларига ўз вақтида ойлик маошлари, таътил пуллари ва талабаларга стипендиялар мос равишда Давлат бюджети ва ОТМларнинг контракт маблағлари ҳисобидан тўлаб берилмоқда.

ОТМлар талабалари учун масофавий таълим бериш жорий этилгани муносабати билан уни ташкил этиш ва моддий-техник базасини яратишга ҳам ОТМлар томонидан қўшимча маблағлар сарфланмоқда.

Шу билан бирга, тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматининг асосий қисмини ташкил этувчи иш хақи ва унга тенглаштирилган тўловлар харажатлари ўзгармайди.

Шунингдек, фақатгина коммунал хизматлардан карантин даврида фойдаланиш қисқариши ҳисобига қисман харажатлар камайса-да, базавий контракт қиймати ижтимоий миқдорда белгилангани инобатга олинмоқда», – дейилади пресс-релизда.

ОТМлар ётоқхоналарида яшовчи талабалар ётоқхона учун ўқув йилида белгиланган тўловларни тўлиқ тўлаган бўлсалар, фойдаланилмай қолган ойларига тўланган маблағлари талабанинг ёзма мурожаатига асосан қайтариб берилади ёки унинг розилиги билан кейинги ўқув йилига ўтказиб ётоқхонада яшаши учун ҳисобланиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 15 март куни коронавирусга чалинган биринчи беморлар аниқланиши ортидан, 16 мартдан бошлаб барча таълим муассасалари карантинга ёпилган, кейинчалик таълим масофавий шаклда тикланган эди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!