Масофавий таълимда таҳсил олаётган талабаларга ҳам ўқишини кўчиришга рухсат берилади

Масофавий таълимда таҳсил олаётган талабаларга ҳам ўқишини кўчиришга рухсат берилади

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига  ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 2020 йил 4 февралдаги 12-сон баёни билан қўшни давлатлар ОТМларида таҳсил олаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ўқишини республика ОТМларига кўчириш бўйича ариза топшириш имконияти берилган эди.

Вазирликнинг мурожаатлар учун ишга туширилган  @zamonaviytalim_bot манзилига энг кўп Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон  ОТМларидан ўқишни Ўзбекистонга кўчириш билан боғлиқ саволлар келиб тушмоқда. Энг кўп берилаётган саволларга навбатдаги жавобларни эълон қиламиз.

Масофавий таълимдан ўқишни кўчириш мумкинми?

Давлат комиссияси баёни билан Ўзбекистон олий таълим муассасаларида мавжуд бўлмаган таълим шаклларида ўқиётган Ўзбекистон фуқароларининг ўқишини сиртқи ва кечки таълим шаклларига истисно тариқасида кўчиришга рухсат берилди. Яъни, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон  ОТМларида масофавий таълимда таҳсил оладиган талабалар ҳам ўқишини Ўзбекистонга кўчириш бўйича ариза топширишлари мумкин.

Кўчириш бўйича ариза топширдим, натижаси қачон эълон қилинади?

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан республика бўйлаб ташкил этилган Ҳудудий ишчи гуруҳлар томонидан аризалар умумлаштириб борилади. Мурожаатлар сони кўплигини инобатга олган ҳолда, ҳужжат қабул қилиш шу йилнинг 15 мартига қадар узайтирилди.

Фуқаролар томонидан 2020 йил 15 февралгача топширилган ҳужжатлар, 2020 йил 25 февралига қадар умумлаштирилиб, тегишли қарор қабул қилиш учун Давлат комиссиясига тақдим этилади.

Жорий йил 15 мартга қадар топширилган ҳужжатлар ҳам шу тартибда кўриб чиқилади. 

Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг баёни билан олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилиш учун тавсия қилинади.

Натижалар билан вазирликнинг расмий веб-сайти, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари, қолаверса, Ҳудудий ишчи гуруҳлар орқали танишиш мумкин бўлади.

Академик қарздор талабаларга ўқишни кўчиришга рухсат бериладими?

Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисида Низомга кўра бу ҳолатда талаба академик қарздор сифатида ўқишга қабул қилинади, яъни ўқишни кўчиришга рухсат берилади.

Талаба қайси ОТМга ўқишини кўчирган бўлса, ўша ОТМда жорий семестр давомида академик қарздорликни бартараф этиши мумкин.

Кундузги таълимга ўқишга кўчириш мумкинми?

Мумкин. Бунда Ҳудудий ишчи гуруҳ томонидан талабгорнинг таҳсил олаётган таълим йўналишидан келиб чиққан ҳолда, республикадаги ОТМлар қуввати кўриб чиқилади. Агар хорижда талаба таҳсил оладиган таълим йўналиши бўйича маҳаллий ОТМда бўш жой бўлмаган тақдирда, кечки ва сиртқи таълим шакллари тавсия қилинади.

Эслатма: Қозоғистон, Қирғизистон  ва Тожикистон олий таълим муассасаларидан ўқишини Ўзбекистонга кўчириш ихтиёрий бўлиб, Ҳудудий ишчи гуруҳлар томонидан республика ОТМлари қуввати ва имкониятидан келиб чиқиб таълим шакли ва йўналиши таклиф қилинади.

Якуний қарорни талаба ва унинг ота-онаси қабул қилади. 

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!