Масжидни сотиш шаръан жоизми?

Масжидни сотиш шаръан жоизми?

Савол:

- Масжидни сотиш жоизми?

Жавоб:

- Бисмиллаҳ, алҳамдулиллаҳ, вассолату вассаламу ала Росулиллаҳ!

Ва баъд:

Масжид Аллоҳ таолонинг мулки эътиборидан унинг савдоси жумҳурнинг, яъни ҳанафий, шофеъий ва моликийларнинг наздида жоиз эмас. Масжидни сотганнинг савдоси ботил, олганга эса мулк собит бўлмайди.

Имом Марғиноний роҳимаҳуллоҳ Ҳидоя асарида шундай ёзадилар:

Ким ўз ерини масжидга айлантирса, кейин у ушбу тасарруфидан қайтолмайди, уни сота олмайди, мерос қилиб қолдиролмайди. Чунки масжидга айлантирилган ер бандаларнинг мулкиятидан чиқади ва холис Аллоҳ таолонинг мулкига айланади.

Ўзи аслида барча мулк Аллоҳ таолоникидир. Бандаликка оид мулк ҳаққи соқит бўлса, у мулк ўз аслиятига қайтади. Энди банда ўша мулкнинг тасарруфидан кесилади. Ҳудди қул озод қилиш масаласи каби.

Агар масжиднинг атрофи харобага айланиб, масжидга эҳтиёж қолмаса ҳам, Абу Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг наздида ўша ер масжидлигича қолаверади. Чунки у ерда бандалик мулки соқит бўлган. Энди бу мулкни банда мулкига айлантириб бўлмайди ... Ҳидоя маъал Фатҳил Қодийр 5/446.

Шофеъийлардан Хатиб Ширбиний роҳимаҳуллоҳ Муғнил муҳтож да шундай ёзади:

Агар масжид эскириб, бузулиш ҳолга келса, модомики у ерда намоз ўқиш ёки қайта таъмирлаш имкони бор эканми, уни ҳеч ким мулк қилиб ололмайди, қандай ҳолда бўлса ҳам уни сотиб бўлмайди. Агар намоз ўқиш имкони бўлмаса, ҳоким маъқул топса унинг ўрнига бошқа масжид қуради. Бўлмаса ўша масжиднинг ўзини муҳофаза қилади. Бошқа масжидни ҳам ўша масжидга яқин жойда қуриш афзал. Эскининг ўрнига қудуқ барпо қилмайди ...

Ҳазрат шайх роҳимаҳуллоҳдан шу муаммо борасида савол сўрашганда, масжид сотилмайди, аммо шариатдан бехабарлар сотиб олиб, вақф ерни ўзлаштиришини олдини олиш учун ихлосли мусулмонлардан кимдир уни сотиб олсин ва масжид учун сақлаб турсин, вақти келиб, имкон бўлиши билан яна масжид тасарруфига беради, деган эдилар.

Хулоса:

Аллоҳ таолонинг байтига холис хизмат қилувчи мухлисларини Ўзи чиқарсин, масжидни сотиш каби номаъқул шармандаликдан бу умматни Ўзи асрасин!

Manba: azon.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!