Масжидларни ким обод қилади?

Масжидларни ким обод қилади?

Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган, намозни тўкис адо этган, ҳақдорларга закот берган, ёлғиз Аллоҳдангина қўрқадиган зотлар обод қилурлар. Ана ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлсалар ажаб эмас , дейиляпти ояти каримада. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам масжидни қуриш ва уни обод қилиш борасида кўплаб тарғиблар келади.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Пайғамбар алайҳиссалом шундай дедилар: Ким Аллоҳ учун бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда шунинг мислича жой бунёд қилади .
Муттафақун алайҳ.

Ибн Можа ҳазрати Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қиладилар:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: Ким Аллоҳ учун бир кабутар тухум қўядиган жойчалик ёки ундан ҳам кичикроқ бир масжид қурса, Аллоҳ унга жаннатда бир уй бино қилади .
Кабутар тухум қўя оладиган жойда намоз ўқиб бўлмайди, азизлар. Инсон бундай кичик жойга сиғмайди. Демак, бу ерда мажоз ва муболаға қоидалари бор. Ҳадиси шарифда бу истилоҳни келтиришдан мақсад шуки, қай бир инсон ниҳоятда кичик бўлса ҳам, лекин ичига кириб, намоз ўқиса бўладиган бирорта масжид қурса, Аллоҳ ўша инсонга жаннатда бир уй бино қилар экан. Демак, қурилган масжиднинг катта-кичиклиги эътиборга олинмас экан. Мусулмон одам бир киши намоз ўқийдиган жойни тайёрлаб берса ҳам, жаннатда унга бир қаср бино қилинаверади.
Баъзи уламоларимиз ҳадисда кабутар тухум қўядиган жой деганда масжид қурилишига кичик бўлса ҳам ҳисса қўшиш назарда тутилган, дейдилар. Бир масжидни қуриб битиришга жуда кўплаб одамнинг меҳнати сингади: уни қуришда усталар, ишчи ва хизматчилар иштирок этади, ҳомийлар ўз ҳиссаларини қўшадилар, ҳар бир мусулмон банда масжидга битта ғишт қўйиб бўлса ҳам ҳисса қўшишни истайди. Бинобарин, масжид бино бўлгандан кейин фаразан тақсимланса, кабутар тухум қўядиган жойдек ёки ундан-да кичик улушда ҳиссаси қўшилган одамга ҳам Аллоҳ таоло жаннатда бир қаср қуриб бераверар экан.

Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ҳафизаҳуллоҳ

Manba: mehrob.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!