Масжид – тарбия маскани

Масжид – тарбия маскани

Исломда масжид илм ўчоғи, тарбия маскани ҳисобланади. Ислом фарзандларини масжиддан айри шаклда тасаввур қилишнинг ўзи имкони йўқ. Негаки, Исломдаги барча улуғ уламолар, буюк саркардалар, дунёга танилган зотлар ана шу ҳозир болалар тўсилаётган масжидда Оллоҳни таниганлар, қалбларига иймон нури сингган, юксак тарбияни олганлар.

Бунда улар пайғамбар алайҳиссалом иршод этган йўлни тутганлар. Зотан, пайғамбар замонида масжид ана шундай маъво эди.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг болаларни масжидга ундаб намозга ёшликдан ўргатиб боришни тавсия қилганликлари ва “доим маҳкам туринглар, ўргатинглар. Зеро, яхшиликка одатланган амал давомли бўлади” деганлари ривоят этилади.

Ўтган салафларимиз бу каби насиҳатга амал қилиб болаларни намозга ўргатишар, қизиқтириш мақсадида турли совға-саломлар билан рағбатлантирар ҳам эдилар.

Шунингдек, зеҳн ва ғайратда ортиқроқ бўлганларни олқишлашар, янада интилишлари учун турли услубларни қўллар эдилар.

Ислом оламида аллома Ибнул Жавзий роҳимаҳуллоҳни танимаган киши бўлмаса керак. Юзлаб фойдали китоблар муаллифи, хутбалари, мавъизалари билан замонасининг энг сўзга чечан хатиб (оратор)ларидан бўлган бу кишини ёшлигида ким кашф этиб, рағбатлантирганини биласизми?

Устози Абулқосим ал Балҳий роҳимаҳуллоҳ унинг ораторликка қобилияти борлигини сезгач, ўзи билан бирга масжидларда олиб юрар, хутба қилишга ўргатар эди. Ёши ўн учга етганида катта бир издиҳомда уни минбарга чиқаради. Ибнул Жавзий бу воқеани эслар экан, “тўпланганлар сони тахминан эллик минг эди” дейди.

Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Бола масжидга қатнар экан, фақат намознигина ўрганмайди, балки катталар давраси, ёши улуғлар орасига киради, илмдан ҳам кўра одоб ўрганади, ақл доираси кенгаяди, тафаккури чуқурлашади.

Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу бир кун қурайшликлар ўтирган давра ёнидан ўтар экан, уларга шундай хитоб қилади: “Болаларни нега четга суриб қўйдинглар? Ундай қилманглар. Даврадан жой беринглар, гап-ҳадис ўргатинглар. Бугун улар кичик бўлсалар, яқин вақт ичида улғайиб давра тизгинини қўлга оладилар”.

Ибн Шиҳоб роҳимаҳуллоҳ ҳам болаларни, ёшларни рағбатлантирар, “Ўзингизни ёшингиз сабаб ортга тортманг, ғайратли бўлинг, зеро Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир муаммога ечим топмоқчи бўлса, дастлаб ўсмирлар, ёш йигитчаларни тўплаб, улар билан маслаҳат қилиб, фикрларини олар эди” дер эди.

Хулоса, масжид мусулмон авлодни ҳар томонлама етук қилиб тарбияловчи, унга маънавий озиқ берувчи бениҳоя муҳим булоқ, зарур сарчашмадир.

Эй сиз, халқни бошқариш масъулиятини ўз зиммасига олган мутасаддилар!

Болаларни бундай яхшиликлардан тўсиб бутун халқни маҳрум, ўзингизни эса бадбахт қилиб қўйманг. Акс ҳолда, Оллоҳ таоло ғазаби, авлодлар қарғиши остида қоласиз. Биз сизнинг бу ҳолга тушишингизни асло истамаймиз. Келинг, ақл тарозиси билан иш кўриб, тарихда яхши ном билан қолинг. Сизларни одамлар масжиддан тўсган манфур кимсалар сифатида эмас, ёш авлодни маърифат ўчоғи томон йўллаган машҳур шахслар сифатида тилга олсин.

Manba: azon.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!