Марказий Осиёдаги темир йўлнинг неччи 18 фоизи Ўзбекистон ҳудудидан ўтади?

Марказий Осиёдаги темир йўлнинг неччи 18 фоизи Ўзбекистон ҳудудидан ўтади?

Жорий йилнинг 20-21 сентябрь кунлари Тошкентда минтақа транзит салоҳиятини биргаликда ривожлантириш, халқаро транспорт йўлакларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, халқаро ташувлар жараёнидаги турли тўсиқларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, меъёрий-ҳуқуқий база ва тариф сиёсатини такомиллаштириш мақсадида ўтказиладиган “Марказий Осиё халқаро транспорт йўлаклари тизимида: стратегик истиқболлар ва фойдаланилмаган имкониятлар” мавзуидаги халқаро конференциянинг 2-шўъба йиғилишида “Темир йўл транспортини ривожлантиришнинг халқаро ва минтақавий тенденциялари” мавзуcида сўз юритилади. Унда иштирокчилар эътиборига,

- Жаҳон ва Марказий Осиё темир йўл транспорти инфратузилмасини ривожлантириш истиқболлари;

- Марказий Осиё давлатлари темир йўл тармоқларига ахборот технологиялари, маркетинг ва рақамли транспорт хизматларини жорий этиш;

- Марказий Осиё темир йўл транспорти инфратузилмасида хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва халқаро молия тизимлари иштирокидаги янги лойиҳаларни ишга тушириш;

- Марказий Осиёда янги темир йўл транспорткоридорларини яратиш ва мавжуд коридорларни такомиллаштириш;

- Марказий Осиё темир йўл давлатлари темир йўл компаниялари ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликнинг янги форматлари ва усуллари;

- Темир йўл тарифларини тартибга солиш, шу жумладан Ўзбекистоннинг экспорт қилувчи корхоналарига нисбатан;

- Марказий Осиё темир йўл транспорти инфратузилмасидан хорижий давлатларнинг денгиз портларига чиқиш учун фойдаланиш;

- Марказий Осиё темир йўл транспорти коммуникациялари ривожланишининг комплекс муаммолари ва чекловлари масалалари бўйича турли хил давлатлардан келган мутахассисларнинг маърузалари ҳавола қилинади.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда Марказий Осиё мамлакатлари темир йўлларининг узунлиги 22 минг километрга тенг. Минтақадаги темир йўлларнинг қарийиб 18 фоизи Ўзбекистон ҳудудидан ўтади. Сўнгги йилларда Марказий Осиёда ўзаро ишонч ва дўстона муҳит шароитида транспорт лойиҳаларини рўёбга чиқариш бўйича амалий чоралар кўрилмоқда.

2016 йил 22 июнь куни Ангрен Поп темир йўли очилди. 2017 йил март ойида эса Тошкент – Олма ота йўналиши бўйлаб тезюрар поездлар ҳаракати йўлга қўйилди.

2017 йилда Амударё орқали ўтадиган Туркманобод – Фороб янги темир йўл ва автомобиль кўприклари очилди. Бу юк ташиш ҳажмини 2,5 баробар ошириш имконини берди.

Жорий йил март ойида Ғалаба – Амузанг – Хошади темир йўл линияси ишга туширилди. Бу транзит юкларни ташишни ривожлантиришда муҳим рол ўйнайди. Бундан ташқари Туркманистон ва Афғонистонга чиқиш учун қўшимча имкониятлар яратади.

2011 йилда Афғонистондаги илк темир йўл – Ҳайратон – Мозори Шариф линиясини бунёд этган Ўзбекистон ушбу мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга катта ҳисса қўшмоқда. Истиқболда Афғонистон иқтисодиётини тиклашга хизмат қиладиган "Мозори Шариф – Ҳирот" темир йўлини қуриш лойиҳаси амалга оширилади. Мазкур йўл Ўзбекистоннинг товар айирбошлаш ва транзит имкониятларини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз, натижада эса мамлакатимиз Эрондаги, шу жумладан, Бандар Аббос ва Чобаҳор бандаргоҳларига тўғридан-тўғри чиқиш имконига эга бўлади.

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ Ахборот хизмати хабарига кўра, бўлажак конференцияда минтақамиз транспорт-транзит салоҳиятини ривожлантириш, уни халқаро транспорт хабига айлантириш, Марказий Осиё орқали ўтадиган халқаро транспорт йўлакларининг транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш кутилмоқда.

Manba: darakchi.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!