Марказий банк: Пулни алмаштириш борасида ҳеч қандай режа йўқ

Марказий банк: Пулни алмаштириш борасида ҳеч қандай режа йўқ

Марказий банк бошқарувининг 2020 йил 16 январдаги қарори билан Марказий банкнинг асосий ставкаси йиллик 16 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Маълум қилинишича, инфляциянинг пасаяётган прогноз трендига тўлиқроқ ишонч ҳосил қилиш учун маълум муддат зарурлиги ҳамда тартибга солинадиган нархларнинг оширилиши бўйича айрим ноаниқликларнинг мавжудлигига изоҳ берилди.

Агентликнинг ёзишича, Ўзбекистон Марказий банки раисининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов мамлакатда пул алмашиши билан боғлиқ масалага аниқлик киритди.

«Кейинги кунларда бу савол атрофида жуда кўп мулоҳазалар айтилмоқда. Аммо пулни алмаштириш борасида ҳеч қандай режа йўқ. Яқин орада бундай тадбирлар кўриб чқилмайди. Қайта айтишим мумкин, бу масалада ўйлаб ҳам кўрилгани йўқ. Агарда бундай режа бўлса, аҳолини ва ОАВ вакилларини хабардор қилган бўлардик. Агарда шахсий фикрим билан қизиқадиган бўлсангиз, бу долларни арзонлаштириш билан боғлиқ чоралар, холос», — деди Илҳом Норқулов.

Кейинги кунларда Молия вазирлиги ва Марказий банк Ўзбекистон Республика валюта биржасининг савдо тизимида давлат қимматли қоғозлари ва облигацияларини жойлаштирмоқда.

Қайд этилишича, пул-кредит сиёсатида бу маълум аҳамиятга эга бўлиб, тижорат банклари ҳам ўзида маълум бир ҳажмда пул маблағларини сақлаши шарт. Яъни у ўзининг молиявий барқарорлигини таъминлаш учун ҳаракатда бўлиши керак. Буни таъминлаш учун кассадаги нақд пулларни облигациялар ёки қимматли қоғозларга алмаштириш бошланади. Бу қоғозларни гаровга қўйиб, кредит олиш мумкин.

Марказий банк 2020 йил учун инфляциянинг базавий прогнозини белгиланган 12—13,5 фоиз даражасида сақлаб қолмоқда. 2018—2019 йилларда ўртача иш ҳақи даражасининг сезиларли даражада тўғирланганлиги ҳисобига 2020 йилда аҳоли номинал даромадларининг мўътадил даражада ўсишининг кутилиши талаб омиллари таъсирини камайтиришга ёрдам беради.

Шу билан бирга, прогноз ҳисоб-китобларга кўра, 2018—2019 йилларда иқтисодиётга ажратилган кредит қўйилмалари ва давлат харажатларини тез суръатлар билан ўсишининг иқтисодиётни қўллаб-қувватловчи таъсири 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида ҳам маълум даражада сақланиб қолади.

Дастлабки тахминларга кўра, 2020 йилнинг иккинчи ярмида номинал ЯИМ ўсиш суръати 2019 йилнинг мос даврига нисбатан бироз секинлашади. Фискал ва монетар сиёсатнинг тартибга солувчи таъсирига қарамасдан, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг ўсиши ва инвестицион жараёнларнинг фаоллашиши иқтисодий ўсишга ижобий таъсир қилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!