Марказий банк доллар курсининг кўтарилаётгани сабабини тушунтириб берди

Марказий банк доллар курсининг кўтарилаётгани сабабини тушунтириб берди

Охирги уч ойда ташқи иқтисодий шароитларининг ўзгариши ички валюта бозорида миллий валюта алмашув курсининг шаклланишига ўз таъсирини кўрсатди.

Ўтган йилнинг сентябрь ойидан бошлаб валюта алмашув курси бозордаги хорижий валютага бўлган жорий талаб ва таклиф ҳолатидан келиб чиқиб шаклланиб келмоқда.

Валюта курсининг ўзгариши олдинги йилларда кузатилган доимий девальвация тенденциясидан фарқли равишда, жорий йилда ички ва асосан ташқи омиллар таъсирида шаклланиб, турли йўналишдаги динамикага эга бўлмоқда.

2018 йилнинг январь-июль ойларида валюта курси динамикаси асосан мавсумий омиллар таъсирида шаклланди. Бу ҳақда Марказий банк ахборот берди.

Хусусан, январь ойида экспорт ва халқаро пул ўтказмалари ҳажмининг нисбатан кам бўлганлиги шароитида миллий валюта алмашув курси 8139 сўм/доллардан 8189 сўм/долларгача пасайди.

Шу билан бирга, март-июль ойларида экспорт ва бошқа манбалардан валюта тушумларининг ошиши натижасида сўмнинг алмашув курси тескари динамикага эга бўлиб, биринчи август ҳолатига 7782 сўм/долларгача қадри ошди.

Бундан ташқари, чет эл валютасидаги кредитлар ҳажмининг тез суръатларда ўсиши ва депозитлар долларизация даражасининг пасайиши ички валюта бозоридаги хорижий валютага бўлган талабни қисман қондирилишига хизмат қилди. Шунингдек, миллий валютадаги муддатли ва жамғарма депозитлар ҳажмининг ошиши ҳам сўм алмашув курсининг шаклланишига ижобий таъсир кўрсатди.

Жорий йилнинг август ойидан бошлаб алмашув курси динамикасига ташқи омиллар, айниқса асосий савдо ҳамкорларимиз бўлган давлатлар миллий валюталарининг қадрсизланиши (Россия – 19 фоиз, Қозоғистон – 17 фоиз, Хитой – 9 фоиз, Туркия – 56 фоиз) таъсири кучайди. Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу давлатлар валюталари курсларининг кескин ўзгариши сўм алмашув курсига бир ойдан уч ойгача бўлган муддатдан кейин ўз таъсирини кўрсатади.

Натижада сўмнинг реал алмашув курси ушбу давлатлар валюталарига нисбатан қадри сезиларли даражада ошди (Россия рублига нисбатан 29 фоизга, Қозоғистон тангасига нисбатан 22 фоизга, Туркия лирасига нисбатан 67 фоизга, Хитой юанига нисбатан 14 фоизга).

Ушбу ҳолат маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ички ва ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини пасайтириб, ички валюта бозоридаги талаб ва таклиф даражасига таъсир этмоқда.

Биринчидан, юқорида қайд этилган валюталарнинг кескин девальвацияси ташқи бозорларда маҳаллий экспортчилар маҳсулотларини қимматлашувига олиб келиб, уларнинг валюта тушумларини қисқартирди.

Иккинчидан, ички бозорда маҳаллий маҳсулотлар нархларининг чет элда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар нархларига нисбатан рақобатбардошлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу, ўз навбатида, четдан импорт қилишни рағбатлантирган ҳолда, хорижий валютага қўшимча талабни келтириб чиқармоқда.

Учинчидан, жисмоний шахслар томонидан амалга ошириладиган халқаро пул ўтказмаларининг асосий қисми тўғри келадиган давлатлар валюталарининг қадрсизланиши, ушбу давлатлардан мамлакатимизга юбориладиган пул ўтказмалари ҳажмининг камайишига олиб келди.

Manba: uz24.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!