Марғилон ҳунармандчиликни ривожлантириш марказига UNESCO’нинг махсус сертификати топширилди

Марғилон ҳунармандчиликни ривожлантириш марказига UNESCO’нинг махсус сертификати топширилди

«Атлас байрами» IV анъанавий тўқимачилик фестивали тадбирлари доирасида Марғилон ҳунармандчиликни ривожлантириш марказига UNESCO’нинг махсус сертификати топширилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизжон Эрматов хабар берди.

Ўзбек ипак матолари атлас ва адрас тўқиш технологияси UNESCO’нинг инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига киритилди.

Ўзбек шойи матолари – атлас ва адрасни тайёрлаш Марғилон қадимий технологияси UNESCO томонидан Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича илғор тажрибалар реестрига киритилди.

Марғилон азалдан атлас ва адрас тайёрлашнинг тарихий маркази бўлиб келган. Йўқолиб бораётган анъаналарни тиклаш ва сақлаш мақсадида 2007 йилда Марғилонда ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази очилган бўлиб, марказ атлас ва адрас матоларини тайёрлаш технологиясини сақлаш, ривожлантириш ва оммавийлаштириш билан шуғулланади.

Бугунги кунда марказ кўмагида шаҳарда атлас, адрас, беқасам ва шойи тўқиш билан 500 дан ортиқ уста шуғулланади. Уларга ёрдам берувчи оила аъзолари ва шогирдлари билан ҳисоблаганда 3000 дан ортиқ одам шу касбда ишлайди. Марказ усталари қадимий матолар ва табиий бўёқларни, шунингдек, бошқа мактаблар матоларини тиклашда фаол иштирок этмоқда.

Manba: daryo.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!