Маргарет Тэтчер аслида ким?

Маргарет Тэтчер аслида ким?

Маргарет Тэтчер – афсонага айланган аёл. У аёлларнинг сиёсатда тутган ўрни ҳақидаги доимий тушунчани буткул ўзгартириб юборди. Тэтчер хоним Бош вазир лавозимини 11 йил давомида эгаллаб турди. Бу Буюк Британия ва бошқа бир қанча мамлакатлар учун рекорд кўрсаткичдир.

Маргарет Тэтчер нозик ҳилқат вакиллари нафақат оилани эгаллашлари мумкинлигини, балки оналик, бекалик вазифаларини карьера билан ўзаро мувофиқлаштиришни уддалай олишларини барчага исботлаб берди. У умрининг охирги кунларига қадар турмуш ўртоғи билан бир тану бир жон бўлиб ҳаёт кечирди. Икки нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказди.

Маргарет Тэтчер, шунингдек, дунё мамлакатлари биринчи хонимларининг гардероблари ва дунё дизайнерлари коллексияларида ҳозиргача бот-бот кўзга ташланувчи башанг услуб асосчиси ҳамдир. Мазкур услубдаги энг машҳур деталлар - костюм-юбка (эътибор беринг, шим эмас!), ҳашамдор марварид ва тўғноғич, кўкрак қисмига боғланадиган банд билан уйғунлаштирилган ипак блуза, шляпа, одми ва силлиқ теридан ишланган ортиқча безакларсиз сумкалар барчага таниш.

“Темир хоним” эътирофи фақатгина унинг шахсий ва сиёсатчи сифатидаги ҳислатларини эмас, “хоним” сўзига урғу бериб турувчи услубни ҳам акс эттиради. У аёллар ҳуқуқлари учун тинмай курашди ва бу борада муайян натижаларга ҳам эришди. Маргарет Тэтчер ҳар қандай вазиятда ҳам виқор, мағрурлигини сақлаб қола олган буюк сиёсатчи ва ҳақиқий хоним эди.

“Темир хоним”нинг қуйида келтирилган машҳур иборалари бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас!

* Кучли ва иродали бўлинг, ҳақиқий хоним, аслида, шундай бўлади. Агар бу тушунча сизга бегона бўлса, демак, сиз ўзга тоифага мансубсиз.

* Бизнинг 90 фоиз ташвишларимиз ҳеч қачон амалга ошмайдиган масалалар хусусида бўлади.

* Суҳбатдошингиз билан тил топишиш учун унинг ҳар бир гапига қўшилишингиз шарт эмас.

* Менга омад кулиб боқди, демайман. Зеро, барчасига ўз кучим билан эришдим.

* Агар натижа мен истагандек бўлса, ҳаддан зиёд сабрли бўлишга ҳам тайёрман.

* Текин пишлоқ фақат қопқонда бўлади.

* Уй аёл киши учун чегара эмас, марказ бўлиши лозим.

* Пасткаш инсонлар буюкларни муҳокама қилиб роҳатланадилар.

 

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!