Мақсадга нима олиб боради?

Мақсадга нима олиб боради?

Заковатда донғи кетган роҳиб камонбозликда ҳам мамлакатда тенгсиз эди. Бир куни тонгда у маҳоратига беписандлик билан қарайдиган шогирди ҳамроҳлигида роҳиблар уйи атрофини ўраб олган қуюқ ўрмонзорда камондан ўқ узиш машқларини бажарар эди. Бундай машғулотларга юз маротабадан зиёд гувоҳ бўлган издоши ўзини роҳибнинг машқларига бефарқдек тутарди.

Устоз эман дарахти остида ўсган ёввойи атиргул ғунчасини узиб, дарахтнинг баланд шохига илди. Сўнг ундан юз қадам узоқлашди. Унинг ҳаракатларидан таажжубга тушган ўқувчиси жараённи диққат билан кузата бошлади. Устоз садоғидан ўқ олиб, ноёб ёғочдан тайёрланган ёйига илди. Кейин ўқувчисига рўмолча узатиб, кўзини боғлашини сўради:

"Мардлик тимсоли бўлган қадим камонбозлик билан шуғулланганимни кўп кўргансан, тўғрими?"

"Ҳар куни", деди шогирд. "Ва, ҳар куни атиргул ғунчасини 300 қадам узоқликдан туриб урасиз", қўшимча қилди у.

Сўнг устоз қаддини ростлади, оёқларини қулай жойлаштириб, ўнг елкаси билан орқароқ тисарилди, камонни таранг тортиб, ўқни нишонга тўғрилади. Вазиятдан карахт бўлган шогирд вишиллаб учган ўқнинг овозидан сергак тортди. Ўқ гул тугул, эманга ҳам тегмаганини кўргач, у мийиғида кулди.

"Хўш, ўқни теккиза олдимми?", сўради устоз кўзларини тўсиб қўйган рўмолчани ечар экан.

"Йўқ! Таассуфки, ўқ тамомила бошқа ёққа қараб учди. Мен инсон идрокининг қудрати билан боғлиқ мўъжизавий ҳодисага гувоҳ бўламанми деб ўйлаб турган эдим. Афсус ...!"

"Ҳозиргина сенга инсон идрокига дахлдор муҳим сабоқни бердим", хотиржамлик билан жавоб берди роҳиб. "Кўзим очиқлигида ғунчани 300 қадамдан ура оламан. Гарчи, бугун унга 2 баробар яқин турсам-да, нишонга ололмадим.

Унутма, мақсадингга унга кўзинг етсагина эришасан. Акс ҳолда, унга қанчалар яқинлигинг аҳамиятсиз. Бу дунёда ўзи кўра олмаган нишонга ўқни уриш ҳеч кимга насиб қилмаган".

Manba: zamin.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!