Мақсад — сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш ва уларга қўшимча қулайликлар яратиш

Мақсад — сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш ва уларга қўшимча қулайликлар яратиш

Қашқадарё вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси томонидан туризм намойиши ва инфратузилмаси объектлари ҳудудида чет эл ва маҳаллий сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш билан бирга уларга қўшимча қулайликлар яратиш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Ташриф буюрган туристлар учун интернет орқали вилоят ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ҳақида янада кўпроқ маълумот бериш, улар томонидан зарур ҳолларда бошқармага мурожаат қилинишини таъминлаш мақсадида вилоят ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси жойлашган маъмурий бино, алоқа телефони рақамлари, манзили, иш вақти ва бошқа маълумотлар “Tourist Police of Kashkadarya” номи остида “Google харита”га жойлаштирилди.

Эндиликда, Шаҳрисабз шаҳрига келган чет эл ва маҳаллий сайёҳлар Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимларини бевосита яъни, гид-таржимонлар ва маҳаллий аҳоли ёрдамисиз интернет тармоғидаги “Google Maps” электрон харитасидаги маълумотлар ёрдамида топишлари ва мурожаат қилишлари мумкин.

Шунингдек, мамлакатимизнинг туристик жозибадорлиги ва буюк ўтмиши ҳақида хабардор қилиб бориш, ташриф буюраётган хорижий ва маҳаллий туристлар учун яратилган шарт-шароитлар, соҳага оид энг охирги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда вилоят ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимларининг кундалик иш фаолияти ва уларнинг хизмат фаолияти ҳақида туристлар томонидан билдирилган фикрлар тўғрисида маълумот бериб бориш мақсадида “Facebook” ижтимоий тармоғи ва “Telegram” мессенжирида вилоят ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасининг саҳифаси ва канали очилган бўлиб, унга доимий равишда янгиланган маълумотлар киритиб борилмоқда.

Бундан кўзланган мақсад чет эл ва маҳаллий сайёҳлар билан тўғридан-тўғри мулоқотга киришиш орқали ёрдамга муҳтож сайёҳларга тезкорлик билан амалий ёрдам кўрсатишни таъминлаш ва бу орқали уларда юртимиз тўғрисида ижобий фикрлар шакллантиришга эришишдир.

Қашқадарё вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!