“Мақом кечалари” cадолари бутун Фарғонага ёйилди

“Мақом кечалари” cадолари бутун Фарғонага ёйилди

Миллий мақом санъати ўзининг қадимийлиги, такрорланмас бадиий услуби, бой ижодий анъаналари билан маънавий ҳаётимизда ўз ўрнига эга. Айтиш керакки, айниқса, охирги йилларда мақом санъатини кенг оммага ёйиш ва тарғиб этиш борасида кўплаб илмий ва амалий ишлар амалга оширилмоқда. Буларнинг барчаси ёш авлод қалбида миллий мумтоз санъатимизга бўлган қизиқишни, эътиборни уйғотиб, халқаро жамоатчилик эътиборини жалб қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг ўттиз йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида ўтказилаётган “Маънавият фестивали” доирасида Фарғона вилояти Қўқон шаҳар Мусиқали драма теарти олдида илк бора “Мақом кечалари” бўлиб ўтди.
Маданият вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ташаббуси билан ташкил этилган концерт дастури одамларга ўзгача руҳ, кўтаринки кайфият бахш этибгина қолмай, миллий мақом санъатига бўлган меҳрини, ҳурматини ва ғурурини янада оширди, десак ҳеч муболаға бўлмайди.

Дастлаб, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов мусиқий кечани очиб берди ва фестиваль доирасидаги энг муҳим лойиҳалардан бири бу «Мақом кечалари» эканини таъкидлади. Шунингдек, мазкур лойиҳадан кутилаётган натижалар, мақом санъатининг фарзандларимиз тарбиясидаги роли ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Шундан сўнг аҳоли орасида мақом санъатининг кўп асрлик ижро йўллари, қадимий тарихи, ноёб санъати, анъана ва одатларини кенг тарғиб қилиш мақсадида ўтказилаётган “Мақом кечалари” учун махсус тайёрланган миллийлик ва замонавийлик омухталанган саҳна томон санъаткорлар чолғу садолари остида кириб кела бошлади. Етти ёшдан етмиш ёшгача барча уларга жўр бўлди.

«Мақом кечалари» мусиқий кечаси давомида Ўзбекистон Республикаси санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиали “Мақом” ансамбили, Ўзбекистон халқ артисти Муножаат Йўлчиева, Ўзбекистон Давлат консерваторияси профессори Салоҳиддин Азизбоев, Зафар Бахши ижросида 30 га яқин ўзбек миллий мақом санъати намуналари томошабинлар эътиборига ҳавола қилинди. Ҳар бир ўзбек мақом санъатининг намунаси одамларнинг юрак-юрагига етиб борганини уларнинг санъаткорларга қўшилиб ҳиргойи қилишлари, кўзларидаги бахт учқунларидан англаш мумкин эди.

— “Маънавият фестивали” доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг ҳар бирига алоҳида ёндашилмоқда, — дейди Ўзбекистон халқ артисти, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси Муножаат Йўлчиева. —Форғона вилоятидан старт олган фестиваль доирасида илк бор ўтказилаётган «Мақом кечалари» мусиқий кечаси эса одамларнинг хотирасида узоқ қолиши шубҳасиз. Саҳнага чиқиб, одамларнинг кўзаги боққанимда ўзбек мақом санъати одамларнинг юрагида яшаётганига амин бўлдим.
Ўйлайманки, Республика Маънавият ва маърифат маркази «Маърифат» тарғиботчилар жамияти ташаббуси билан ўтказилаётган «Мақом кечалари» концерт дастури ёш авлодни мақом санъати билан кенг таништириш орқали уларда миллий ўзликни англаш бадиий эстетик дид ва тафаккурни камол топтиришга хизмат қилади.

“Мақом кечалари” cадолари бутун Фарғонага ёйилди“Мақом кечалари” cадолари бутун Фарғонага ёйилди“Мақом кечалари” cадолари бутун Фарғонага ёйилди“Мақом кечалари” cадолари бутун Фарғонага ёйилди“Мақом кечалари” cадолари бутун Фарғонага ёйилди

Маълумот ўрнида айтиш керакки, “Мақом кечалари” номли мусиқий дастурлар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади. Жами 14 та ҳудуддан концерт дастурига 700 дан ортиқ хонанда ва созандалар қатнашиши, 15000 дан ортиқ аҳоли қамраб олиниши режалаштирилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!