Мамлакат фожиаси: вояга етмаган қизлар бир буқа баҳосида сотиб юборилади

Мамлакат фожиаси: вояга етмаган қизлар бир буқа баҳосида сотиб юборилади

Ҳозирги кунда Вьетнам қишлоқларидаги вояга етмаган қизлар доимий тарзда изсиз ғойиб бўлишдан тийилмаяпти. Уларнинг кўпчилигини хитойлик йигитлар ўғирлаб кетишади. Ёки ота-она қизини хитойлик йигитга бир буқа баҳосида сотиб юборади. Изсиз йўқолганларни эса махсус вояга етмаган қизлар олди-сотдиси билан шуғулланувчилар юқорида кўрсатиб ўтилган баҳода сотишади.

Ҳа, Хитойда ҳозирги кунда эркаклар аёлларга нисбатан 34 миллион нафарга кўпчиликни ташкил этади. Агар ҳисоблаб кўрилса, бу миқдор Малайзия аҳолисининг умумий сонига тўғри келади. Бу мамлакатда шундай интернет сайтлар борки, улар фақат вояга етмаган Вьетнам қизлари, ўғирлаб келинган бўлғуси келинлар олди-сотдиси билан шуғулланади. Бир қизнинг баҳоси ўртача 1500 долларга тўғри келади. Бу пулга Хитойдаги бозордан битта буқа сотиб олса бўларкан.

Вьетнам полицияси 2011-2017 йиллар оралиғида жами 2700 та одам савдоси содир этилганини аниқлаган. Сотиб юборилганлар сони эса шу йиллар оралиғида 6000 дан кўпроқни ташкил этган. Хитой билан чегарадош ҳудудларда бугунги кунда ҳам вояга етмаган қизлар савдоси тобора авж олиб бормоқда. Қизларнинг аксарияти кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари ҳисобланади. Бу оилаларда вояга етаётган фарзандлар ҳатто мактабда ўқиш имконига эга эмас.

Баъзи вьетнамлик қизларни алдов йўли билан олиб кетишади. Уларга шоҳона ҳаёт, ёки сердаромад иш ўринлари ваъда қилишади. Хитойга боргандан кейин эса бу қизлар ё мажбуран қайсидир эркакнинг никоҳига киради, ёки фоҳишахоналарда қул сифатида фойдаланилади.

Баъзи бир қизларни хитойлик йигитларнинг ўзи алдаб олиб кетади. Айримларни яқин қариндоши қоп-қоп ваъдалар билан хитойлик эркакларга бекитиқча сотиб юборади. Баъзи бир қизларни ими-жимида наркотик билан маст қилиб чегарадан олиб ўтиб кетишади. Шўрлик ота-оналар эса ҳақиқатни англаб етгач, бошини қай деворга уришни билмай, қон қақшаганча қолаверади.

Расмий маълумотларга қараганда, олиб қочилган ёки сотиб юборилган қизлар ортга қайтишнинг йўлини ҳеч қачон топа олишмайди. Қочишга уринганлар шафқатсизларча ўлдириб юборилади. Шу кунга қадар ўз ватанига қайтишга эришган қизларнинг 600 нафаригина расман рўйхатга олинган, холос.

Manba: hordiq.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!