«Малика»​даги назорат тадбирида 7,8 минг дона телефон олиб қўйилди

«Малика»​даги назорат тадбирида 7,8 минг дона телефон олиб қўйилди

 

Жорий йилнинг 13 ноябрь куни «Малика»​ савдо мажмуасида Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси томонидан ўтказилган назорат тадбирида 13 нафар фуқаро тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан, чет элда ишлаб чиқарилган ва Ўзбекистонга яширин йўллар орқали олиб кирилиб, ҳеч қандай ҳужжатларсиз маиший техника савдоси билан шуғулланаётганлиги аниқланган. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими Kun.uz'га хабар берган. 

«​Ушбу фуқаролар истеъмолчилар ҳуқуқларини қўпол равишда бузиб, сифат сертификатига эга бўлмаган товарлар савдоси ҳамда соғлом рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатган ҳолда, давлат бюджети олдида мажбуриятларни бажармай, умуман солиқларни тўламаган», - дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, назорат тадбири давомида давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан ноқонуний равишда савдога қўйилган умумий қиймати қарийб 308 миллион сўм қийматга эга 66та маиший техника воситалари, 7,8 минг дона уяли алоқа ва аксессуарлар Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси»​нинг 176-моддасига асосан масала қонуний ҳал бўлгунига қадар вақтинчалик олиб қўйилди.

Давлат солиқ қўмитасининг таъкидлашича, «белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ва қонуний фаолият юритаётган тадбиркорларнинг савдо билан шуғулланиши учун ҳеч қандай тўсқинликка йўл қўйилмаслиги»​ таъминланади.

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!