Мактаблар мавсумга тайёрми?

Мактаблар мавсумга тайёрми?

Фарғона вилояти халқ таълими муассасаларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ниҳоясига етказилмоқда.

Жорий йилнинг 2 ноябрь куни Президентимиз раислигида бўлиб ўтган халқ таълими тизимини янада ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш масалаларига бағишланган йиғилишда мактабларни куз-қиш мавсумига тўлиқ тайёрлаш чораларини кўриш борасида зарур топшириқлар берилган эди. Вилоятдаги 938 таълим масканида мазкур йўналишда аниқ тадбирлар белгиланиб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш ҳамда таълим муассасаларини куз-қиш мавсумида барқарор ишлашга тайёрлашга муҳим эътибор қаратилмоқда. Айниқса, бинолар, муҳандислик-коммуникация тизимлари, иситиш тармоқларини таъмирлаш ва янгилаш ишлари авжида.

– Мавсумга тайёргарлик учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 17 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилиб, 117 умумтаълим мактабида жорий таъмирлаш ишлари бажарилди, – дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Маърифжон Турдиматов. – Шунингдек, республика ишчи гуруҳи томонидан аниқланган 217 таълим масканидаги муаммолар ҳам бартараф этилмоқда. Айни пайтга қадар таълим масканларида 530 дона янги тежамкор қозонлар ўрнатилди. Юздан ортиқ қозон ва қозонхоналарни жорий ва мукаммал таъмирлаш ишлари якунланди. Бориш қийин бўлган тоғли ҳудудлардаги таълим муассасалари кўмир билан таъминланмоқда.

Барча таълим муассасаларининг ҳолати ва иситиш тизимлари атрофлича ўрганилиб, зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди. Тайёргарлик ишларининг ўз вақтида бажарилиши ва сифатини назорат қилиш мақсадида масъул вакиллар, ҳудудий назоратчилар бириктирилди. Куз-қиш мавсумида таълим муассасаларининг барқарор ишлашини таъминлаш учун етарлича кўмир ва брикет захираси яратилди. Иситиш ва сув тармоқлари, биноларнинг 8 минг квадрат метр том қисми жорий таъмирланди. 390 дона эшик ва ром, ойналар алмаштирилди, шунингдек, 72 та таълим масканига энергия тежовчи лампалар ўрнатилди.

Олтиариқ туманидаги 46 умумтаълим мактабида ҳам мавсумга ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрилди. Бугунги кунда барча умумтаълим мактаблари етарли кўмир билан таъминланган. Тайёргарлик жараёни қайта мониторинг қилинганда аниқланган камчиликлар ҳам бартараф этилаётир.

Файзобод қишлоғидаги 16-умумтаълим мактаби жорий йилда капитал таъмирланди. Замонавий спорт зали, ошхона, махсус ўқув хона ўқувчилар ихтиёрига топширилди. Таълим даргоҳида хоналарни иситиш учун қозонхона, ёритгичлар ўрнига энергия тежовчи лампалар ўрнатилди. Айни кунларда мазкур таълим масканида 795 ўқувчи таҳсил олмоқда. Масканнинг тоза-озодалиги, синфхоналар ва фан кабинетларининг дид билан безатилгани, ҳар бир жиҳоздан самарали фойдаланилаётгани педагогик жамоа фаолияти ва ўқувчиларнинг ўзлаштиришига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.

– Илгарилари қиш келди дегунча ташвишга тушардик, – дейди мактаб директори Баҳром Саломов. – Чунки мактабимиздаги иситиш тизими яхши ишламас эди. Бугун эса бунёдкорлик ишлари натижасида барча шароит яратилгани бизни мамнун қилмоқда. Бундай имкониятларга жавобан ўқувчиларимиз намунали хулқи, аъло ўқиши билан жавоб бераётир.

Мухтасар айтганда, таълим муассасаларида куз-қиш мавсуми олдидан олиб борилаётган кенг кўламли юмушлар ёш авлоднинг замон талаблари асосида билим олиши, ҳунар ўрганиши, ўз иқтидор ва салоҳиятини намоён этишига қаратилаётган юксак эътиборнинг яна бир ифодасидир.

ЎзА


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!