Мактабда пул йиғилишига қарши чиққан самарқандлик аёлни нега овора қилишяпти?

Мактабда пул йиғилишига қарши чиққан самарқандлик аёлни нега овора қилишяпти?

Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаро Камола Ғаниеванинг шаҳридаги 14-умумтаълим мактабида сўнгги пайтларда ортиқча пуллар йиғилаётганлиги юзасидан қилган мурожаати асосида «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев журналистик суриштирув ўтказган эди.

Мазкур мақола эълон қилинганидан сўнг 14-умумтаълим мактаби директори ва Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлими томонидан Камола Ғаниеванига нисбатан ноҳақлик айбловлари қўйилмоқда. Бу ҳақда аризачининг ўзи «Дарё»га маълум қилди.

«Қоронғу, кеч тушган. (соат 18:30 атрофида, муаллиф) Биринчи синфда ўқийдиган ўғлим билан Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлимида ўтирибман. Ўғлим мактабда овқат еганми емаганми билмайман. Очдан оч ўтирибди. Уйда яна битта 5 ёшли фарзандим бор. Уни қўшнимизнинг уйига қолдириб келдим. Улар менинг мурожаатим ва ‘Дарё’ мухбирининг журналистик суриштирувидан сўнг мактабдаги ҳолатни ўрганиш ўрнига менга босим ўтказмоқда. Мен ҳақиқат тарафдориман. Улар мактаб директори Муқаддас Шерматова журналистга ишлатилган маблағлар қаерга сарфланганлиги бўйича квитансияни тақдим этган деяпти. Мен эса инкор этдим. Журналист аризани ўрганиш жараёнида мени ҳам чақириб, аризамда келтирилган ҳолатларни ўрганди. Квитансияларни ва баённомаларни сўраганда тақдим қила олмади. Журналист аввалдан мактаб директорига барча суҳбатимиз ёзиб олинаётганлигини айтди. Қолаверса, шаҳар халқ таълими бўлимидан вакил сифатида Нигора Жабборова ҳам шу ерда эди. У киши ҳам директор журналистга ҳеч қандай квитансия тақдим этолмаганлигига гувоҳ бўлди», – дейди Камола Ғаниева.

Мурожаатчининг айтишича, мазкур мақола чиққанидан сўнг уни Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлимида сарсон-саргардон қилишаётган экан.

«Шу вақтда ҳам чақирадими. Ўзи кун бўйи мени ишдан қолдириб мактабда роса ‘разбор’ қилишди. Яна кечки пайт чақириб бу ерда ‘разбор’ қилаяпти. Ахир ёнимда фарзандим бор. Биринчи синф боласи эрталаб мактабга келгандан бери ҳалигача мен билан кўчада сарсон бўлиб юрибди», – дейди Камола Ғаниева.

Мақолада аризани ўрганиш жараёнида 3 ноябрь куни мактабнинг учинчи қаватида 9-синф ўқувчилари шанбаликка жалб қилинганлиги тўғрисида тўхталиб ўтилган эди. Бу ҳолатга мактаб директори Муқаддас Шерматова «Ўқувчилар синфхона расво бўлганлиги учун ўзлари тозалаган бўлиши мумкин. Аммо мактабда умуман шанбалик қилингани йўқ», — дея изоҳ берганди.

Маълум қилишича, мақоладан сўнг мактаб директори томонидан ўқувчиларнинг ойна артгани тўғрисида ҳолат юзасидан улардан тилхат ёздириб олинган.

«Мен 14-мактабдаги ортиқча пул йиғдилар бўйича Самарқанд шаҳар прокуратураси ва шаҳар халқ таълим бўлимига ҳам мурожаат қилганман. Аризамни адолатли ўрганиб чиқиш тарафдориман. Президентнинг талаби, Халқ таълими вазирлигининг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб муаммони айтаяпман. Улар бўлса ўзим айбдор қилишмоқда, – дейди Камола Ғаниева.

«Дарё» таҳририяти Самарқанд шаҳридаги 14-умумтаълим мактабидаги ортиқча пул йиғдилар юзасидан мурожаат қилган Камола Ғаниева ва сайтда эълон қилинган мақола юзасидан Халқ таълими Вазирлигининг муносабатини кутиб қолади.

Daryo.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!