Мактаб директорларидан таклифларни қабул қилувчи махсус бот ишга туширилди

Мактаб директорларидан таклифларни қабул қилувчи махсус бот ишга туширилди

Республикадаги мактабларда мавжуд муаммоларни ўрганиш ва уларни ҳал этиб бориш мақсадида махсус Telegram бот ташкил қилинди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги хабар берди.

"Ҳозирда 10 мингдан ортиқ мактабда 700 мингдан ортиқ соҳа ходимлари фаолият юритади. Қарийб 6,4 млн ўқувчи таълим олади, тизимда ҳал этилиши лозим бўлган масалаларнинг кўлами ҳам шунга мос равишда жуда кўп. Албатта, Халқ таълими вазирлиги ҳар бир мактабга бир вақтнинг ўзида бориб, муаммоларни ҳал этиши имконсиз”, дейилади хабарда.

Шу боис, республикадаги мактабларда мавжуд тизимли ёки ўзига хос бўлган муаммоларни ўрганиш ва уларни ҳал этиб бориш орқали мактабларда таълим-тарбия жараёнларини яхшилаш мақсадида махсус бот @direktor_murojaati_bot ташкил қилинди.

Ушбу Телеграмм-бот орқали мактаб директорлари мактабдаги таълим, тарбия, кадрлар масаласи, ўқувчилар учун шароитларни яхшилаш, маҳаллий ҳокимлик ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликдаги масалалар юзасидан мурожаат этиши, соҳани ривожлантириш бўйича таклифлар йўллаши мумкин.

Вазирлик мутасаддилари мавжуд муаммо ва таклифларни кўриб чиқиб, ечимини топиш учун тегишли чораларни кўради.

Халқ таълими вазирлиги барча мактаб директорларини ҳамкорликда таълим тизимини ривожлантиришда фаол бўлишга чақирмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!